Обод маҳаллада байрам шукуҳи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Бектемир туманига ташрифи чоғида Ийкота маҳалласида бўлиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.
Бу ердаги 37 та кўп қаватли уй ва 1 минг 400 та ҳовлида 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Мамлакатимизда маҳаллабай амалга оширилаётган манзилли ишлар Ийкотада ҳам ўз натижасини бермоқда. Янги кўп қаватли уйлар қурилган. Йўлаклар ва ички кўчалар таъмирланган. Майдончаларга гул ва майсалар экилган.
Ўтган йили уч қаватли маҳалла идораси фойдаланишга топширилган эди. Энди давлат бюджети ҳисобидан 358-умумтаълим мактаби қурилди. Президентимиз ушбу янги муассасани кўздан кечирди.
Таълим тизимига бўлаётган эътиборнинг ёрқин ифодасини бу ерда ҳам кўриш мумкин. Қарийб минг ўринли мактабда фан хоналари, компьютер ва хорижий тил хоналари, робототехника тўгараги, лаборатория зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Кутубхона, спорт зали, футбол майдони ва ошхона болалар учун кенг қулайликлар яратилган.
Педагоглар билан мулоқот чоғида болаларнинг қобилиятини тўғри шакллантириш, касбий таълимни ривожлантириб, битирувчиларни касб-ҳунарли қилиб ҳаётга йўллаш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, ахборот технологиялари, робототехника, муҳандислик каби йўналишларни кенгайтириш, ўсмирларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини кучайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Маҳалладаги янги уйларнинг биринчи қаватларида иккита хусусий боғча ташкил этилган. Улар Наврўз арафасида очилгани ота-оналар учун байрамона туҳфа бўлди.
Ички имкониятларни ишга солиб, аҳоли бандлигини таъминлаш тамойили бу маҳаллада ҳам намоён. 70 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, 2 та ишлаб чиқариш корхонасида кўпчилик рўзғор тебратаяпти. Президентимиз фармойиши билан эълон қилинган долзарб бир ойлик доирасида томорқадан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари экиш қизғин давом этмоқда.