«Ўзтўқимачиликсаноат» акциядорлик жамияти ва “Rahim Embroidery” корхонаси ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида “Ўзтўқимасаноат” уюшмаси ва Покистоннинг етакчи ип-калава ишлаб чиқарувчи компанияси Rahim Embroidery вакиллари ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар тўқимачилик саноатидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда технологиялар алмашинувини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Шу билан бирга, хориж томонга мамлакатдаги тўқимачилик корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт салоҳияти ва мавжуд имкониятлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.
Покистонлик ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдириб, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва юқори технологияларни жорий этиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Музокаралар якунларига кўра, икки давлат тўқимачилик соҳасида стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Учрашувда эришилган келишувлар келгусида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тўқимачилик соҳасида иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.