Жорий йилнинг 30 сентябрида «Ўзбекистон: иқтисодий ислоҳотларнинг ютуқлари ва уларнинг истиқболлари» мавзусидаги Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида Ўзсаноатқурилишбанк хорижий ҳамкорлар билан умумий миқдори 71,6 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи бир қатор битимлар имзолади.
Ўзсаноатқурилишбанк ва ICBC Standard Bank (Буюк Британия) ўртасида 25 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит битими ҳамда банклар ўртасида халқаро ҳисоб-китоблар, ғазначилик операциялари, савдо ва лойиҳаларни молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда банк ходимлари учун ўқув курслар, семинарлар, тренинглар ва амалиёт дастурлари ташкил қилишни кўзда тутувчи Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Савдо-молиялаштириш йўналишида имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзсаноатқурилишбанк Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан 16,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги «Револьвер кредит линиясини тақдим этиш тўғрисида»ги Битим ва «АК БАРС» банки (Россия Федерацияси) билан савдони молиялаштириш бўйича 30 млн. АҚШ доллари миқдоридаги Ҳадли Битим имзолади.
Ушбу битимлар Ўзсаноатқурилишбанк ҳудудий бўлинмалари орқали тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан кичик ва ўрта бизнеснинг долзарб лойиҳаларига йўналтирилаётган молиявий ресурслар ҳажмини оширишга имкон яратади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида” Фармони Ўзсаноатқурилишбанкнинг халқаро молия институтлари ва банклар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш имконини яратди, бу эса Банкка нисбатан халқаро инвесторлар ишончининг ортишида муҳим омил бўлмоқда.