Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Молия 22/02/2023 Ўзсаноатқурилишбанк тизимида муқобил энергия манбалари жорий қилинмоқда
Ўзсаноатқурилишбанк тизимида муқобил энергия манбалари жорий қилинмоқда

Ўзсаноатқурилишбанк Бош офиси биносига 100 кВт қувватли ҳамда бешта тармоғи биносига умумий қуввати 235 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Жорий йил сўнггига қадар банкнинг бошқа тармоқлари биноларини ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари билан таъминлаш кўзда тутилган.

 Президентимизнинг ўтган йил 31 октябрь куни энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишиш чоғида энергия манбаларини тежаб, ўз ўрнида фойдаланиш масаласи йилдан-йилга долзарб бўлиб бориши, бунинг учун муассасаларда энергия самарадорлигини ошириш, қуёш панелларидан фойдаланишни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган эди.

Шу боис айни кунларда иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ишлари фаол амалга оширилмоқда.

Қайд этиш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанк тизимида бу борадаги саъй-ҳаракатлар анчайин олдин – трансформация жараёнлари билан бирга бошланган.

“Яшил” банк тамойилларини илгари суриш ва ривожлантириш мақсадида Халқаро молия корпорацияси консультантлари билан бирга, эколог ва техник мутахассислар жалб қилинган.

Бунда экологик ва ижтимоий таваккалчиликларни баҳолаш бўйича ички стандартлар ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ “яшил” банк тамойилларини мижозларга йўналтирилган банк маҳсулотларида қўллаш баробарида, Банкнинг ишлаб чиқариш жараёнида ҳам жорий этиш белгиланди.

Банк биноларида қуёш панелларини ўрнатиш ушбу йўналишдаги ишларнинг узвий давомидир. Шу кунга қадар банкнинг Бош офисида (100 кВт қувватли) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (60 кВт), Хоразм (55 кВт), Фарғона (25 кВт), Қашқадарё (65 кВт) ҳудудий бошқармаларида, шунингдек, пойтахтимиздаги Сергели Банк хизматлари марказида (30 кВт) қуёш панеллари ўрнатилиб, ишга туширилди.

Айни пайтда банкнинг Тошкент ва Қўқон шаҳридаги ҳамда Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Сурхондаё вилоятлардаги тармоқлари биноларини ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этиш жоиз, Банк эҳтиёжидан ортиқча энергия Тошкент шаҳри ҳамда ҳудудий электр тармоқларига узатилади. Бунинг учун жараён тўлиқ автоматлаштирилиб, онлайн кузатиб бориш мониторинг тизими йўлга қўйилади.

Банкнинг барча биноларига ўрнатиладиган қуёш панелларининг умумий қуввати 1455 кВт ни ташкил этади. Улар ёрдамида йилига 2,3 млн. кВт соат муқобил электр энергияси ишлаб чиқарилиб, натижада атроф-муҳитга 1035 тонна заҳарли иссиқхона газлари ажралишининг олди олинади, 1 020,0 млн. сўм иқтисод қилинади.

Таъкидлаш лозимки, Банк тизимида энергия ва табиий ресурслардан фойдаланишни қисқартириш ишларининг кўлами кенг. Жумладан, компьютерларни ишдан ташқари вақтда ухлаш режимига ўтказиш, бино ва хоналарни тўлиқ светодиод лампалари билан таъминлаш, ҳаракатланиш датчиклари ва сенсорли кранлар ўрнатиш, ходимларни хизмат велосипедлари билан таъминлаш, велотураргоҳлар барпо этиш, манзарали ва мевали дарахтлар ўтказиш, чиқиндиларни саралаш, мижозлар билан банк операцияларини автоматлаштириш, шу жумладан қоғоз истеъмолини йилига 30 фоизга қисқартириш чоралари кўрилмоқда.

Тижорат шартлари асосида

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг