Ўзсаноатқурилишбанк жорий йилнинг 21-23 сентябрь кунлари дунёнинг етакчи инвестицион банкларидан бири - J.P.Morgan томонидан ташкил этилган "Emerging Markets Credit Conference" анжуманида онлайн тарзда иштирок этди. Бунда Банкнинг халқаро капитал бозорларида инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсади кўзда тутилди.
Мазкур тадбир доирасида банк ва инвесторлар ҳамда инвестициявий ва бошқарув компаниялари ўртасида яккама-якка учрашувлар ташкил этилди. Ўзаро музокараларда мамлакат молия секторида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида инвестицион ҳамжамиятни кенг хабардор қилиш мақсадида молиявий натижалар ва янги маҳсулотлар муҳокама этилди.
Анжуман ишида халқаро инвестицион жамғармалар, портфель инвесторлар ҳамда «Banco Finantia», «Julius Baer & Co, Ltd», «Prince Street Cap Mgt Inc», «T.Rowe Price International Ltd», «Baillie Gifford & Co», «Bank J. Safra Sarasin (Bahamas) Ltd», «Legal and General Investment Management», «Sovcombank», «Aegon Asset Management», «Blueorchard Finance Limited», «Fidelity Managementand Research» каби бошқарув компаниялари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида тақдимот материаллари тақдим этилиб, улар доирасида истиқболли масалалар, жумладан, салоҳиятли инвесторлар билан ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини ўрнатишнинг муҳим жиҳатлари муҳокама этилди. Бу эса, ўз навбатида, халқаро бизнес ҳамжамиятининг Ўзсаноатқурилишбанкка нисбатан ишончини ошириб, унинг ташқи молия бозоридаги мавқеига ижобий таъсир кўрсатади.
Ўтказилган онлайн учрашувлар натижаларига кўра, Ўзсаноатқурилишбанкнинг манфаатдор халқаро инвестицион компаниялар ҳамда бизнес-акселераторлар билан икки томонлама ҳамкорлиги янада кенгайиши кутилмоқда.