Самарали операцион фаолиятни таъминлаш ва бизнес жараёнларни “Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖнинг узоқ муддатли (2019-2023) ва ўрта муддатли (2019-2021) ривожланиш Стратегиясига мувофиқ оптималлаштириш мақсадида халқаро стандартларга асосланган ISO 9001:2015 сифат менежменти тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилди.
Бошқарув тизимларини сертификатлаш бўйича орган "CERT International" (Ўзбекистон) ва Словакия миллий аккредитация хизмати (SNAS)нинг аккредитацияланган органлар Миллий реестрида рўйхатга олинган сертификатлаш бўйича халқаро орган "CERT International" s.r.o. (Словакия) томонидан сертификатлаш аудити ўтказилди.
Сертификатлаш аудити натижаларига кўра “Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖ сифат менежменти тизими халқаро ISO 9001:2015 ва миллий O`z DSt ISO 9001:2015 стандартлар талабларига мувофиқлиги тўғрисида сертификатлар олинди.
Таъкидлаш жоизки, аудит натижаларига кўра номувофиқликлар, эътирозлар ва оғишлар аниқланмади. Бундан ташқари, аудиторлар “Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖ юқори раҳбарияти СМТни ISO 9001:2015 стандарти бўйича қўллаб-қуввватлашга интилиши ва қизиқишини, асосий ходимларнинг таълим, кўникма ва тажрибага асосланган малакаси фаолиятнинг кучли томонлари эканлигини таъкидладилар.
“Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖ ўзининг бизнес-жараёнларни янада оптималлаштиришга бўлган интилишида, ISO 27001:2013 ахборот хавфсизлиги менежменти тизими ва ISO 37001:2016 коррупцияга қарши менежмент тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттирмоқда.