Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Маданият 12/01/2017 Ўзини ҳурмат қилган китоб ўқийди
Ўзини ҳурмат қилган китоб ўқийди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Китоб даволайди!

Яқинда қизиқ маълумотни ўқиб қолдим: Буюк Британияда китоб терапевти деган касб бор экан. Бундай мутахассислар китоб ўқитиш орқали руҳий муаммолар қуршовида қолган кишиларни даволаркан. Масалан, иқтисодий қийинчиликдан хавотирга тушган ўрта ёшдаги кишига Фрэнсис Скотт Фицжеральднинг “Буюк Гэтсби”, Сол Беллоунинг “Хендерсен – ёмғир қироли”, Айрис Мердокнинг “Қўнғироқ” номли китоблари тавсия этилади. Аёлларга Одри Ниффенеггер қаламига мансуб “Вақт сайёҳининг рафиқаси”, Том Роббинснинг “Жаз оҳанглари” китоби маъқул саналади.

Кўплаб хорижий давлатларда яхши бир одат бор. Одамлар китоб ёки газета-журнални ўқиб бўлгач хиёбондами, бекатдами ўриндиққа қўйиб кетади. Унинг ўрнига ўтирган бошқа одам ўша нашрни бехижолат ўқийверади. Мисол учун, Александр Дюманинг «Уч мушкетёр» романи ҳам Париж булварларида ўқилган, ташлаб кетилган китобчалар кўринишида дунёга келган.

Мамлакат ривожини таълим асосига қурган японлардан ҳам ибрат олса арзийди. Улар ҳар куни қирқ дақиқалик вақтини албатта мутолаага ажратар экан. Бу одат оилада болаликдан шакллана боради.

Хуллас, тараққиётни кўзлаган давлат борки, халқини китобга ошно этишнинг турли йўлу усулларини излаётир. Савол туғилади: нега энди бунга чора излаш керак? Нега китобсеварликка тарғибот зарур бўлиб қолди? Ахир, ҳамма китобни шундоғам ўқиши керак эмасми?!

Юксак маънавият – енгилмас куч

Доно давлат раҳбари халқининг турмуш даражаси, сиҳат-саломатлиги баробарида унинг маънавиятига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантирди, халқимизнинг дунёқарашини ўзгартирди. Мустақилликнинг илк йилларидан, ўтиш даврининг қийинчиликларига қарамай, таълимга, баркамол авлод тарбиясига устувор аҳамият қаратди.

“Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!”, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” "Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор" каби асарлар замирида ўқишга, изланишга улкан даъват бор. Мамлакатимизда бунинг учун кенг шароит ҳам яратилди. Нашриётлар фаолияти қўллаб-қувватланди. Таълим масканларининг китоб фонди янгиланди. Замонавий кутубхоналар, ахборот-ресурс марказлари бунёд этилди.

Бу эзгу ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбари “Биз ёшларга доир давлат сиёсатини ҳеч оғишмасдан, қатъият билан давом эттирамиз. Нафақат давом эттирамиз, балки бу сиёсатни энг устувор вазифамиз сифатида бугун замон талаб қилаётган юксак даражага кўтарамиз. Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз” деб таъкидлади.

Президентимиз бу мақсадга эришишнинг асосий омилларидан бири китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни китобни севишга ўргатиш зарурлигини алоҳида қайд этди. Бу ҳаётий даъват ҳар биримизнинг, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг онги ва қалбидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.

Китобхон учун танлаш имконияти

“Китоб олами” дўконига бордим. Кимдир излаган китобини топганидан мамнун харидга ошиқяпти, вақти бемалолроғи бўлса, шинам ўриндиққа ўтириб олганча, дунёни унутиб севимли асарига шўнғиб кетган. Ичкари кираверсам, кичкинтойлар бурчагида тўрт-беш яшар атрофидаги ўғли ва қизини икки ёнига олиб, она китоб ўқимоқда. Разм солсам, “Ўзбек халқ эртаклари” экан. Тўсатдан бола ўрнидан турди-ю, китоблар растаси томон югурди. Китобларни эринмайгина кўздан кечираётган отани қандайдир расмни кўришга ундади. “Бахтиёр ва маърифатли оила”, кўнглимдан ўтказдим.

Дугонам билан дилдан суҳбатлашиш, ўзимизча ўқиган асарларимиздан олган таассуротлар билан бўлишиш, фикр алмашиш учун биз танлайдиган қўноқ – кўпинча, “Book cafe” бўлади. Бир финжон қаҳва устида юракка яқин кишинг билан адабиётми, ижодми, жудаям берилиб кетсак, ҳаёт ҳақида суҳбатлашишга нима етсин! Атрофингда яна шундай илму китобга ошно ёшлар баҳслашиб ўтиришса. Севиниб кетасан-да киши!

Миллий кутубхона-ку, буткул ўзгача даргоҳ. Қувонарлиси, қачон қараманг, гавжум. Баъзан бўш жой топиш ҳам муаммо бўлиб қолгани-чи. Керакли китобингизни электрон қидирувга берасиз-у, зум ўтмай, кўз ўнгингизда муҳайё. Айниқса, кутубхонанинг хорижий тилларда равон сўзлашувчи ёшларни бағрига олиб, суҳбат-у дийдор кўришишига имкон бераётганининг ўзи қувонарли ҳол.

Техниканинг ютуғидан шодланиб, аудио китобларни эшитиб юрганлар қанча. Ҳар кеч “Ўзбекистон”, “Маҳалла” радиоканалларида бадиий асарларнинг радио талқини эфирга узатилади. Дангасароқ одам ўшаларни тинглаб ҳам китоб ўқигандек завқ олиши мумкин. Буёғи энди китобхоннинг танлови. Халқимиз билимини, дунёқарашини бойитсин, деб қилинаётган ишлар ҳаммаси.

Китобсевардан жиноятчи чиқмайди

Китоб-китоб деймиз-у, ҳар бир ишини моддият ва манфаатга қурувчи одамзодга унинг афзаллиги ва фойдаси уқтирилмагунича бу бебаҳо буюмнинг қўлга олиниши душвор.

Хўп, масалани сизнинг кўнглингиздагича қўямиз: китоб бизга нима беради? Ҳар гал шу саволни ўзимга-ўзим берганимда, қониқтирувчи уч-тўрт сабаб топилади. Нима дейсизми? «Ҳуррият» газетасининг 2012 йил 1 август сонида «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов билан китобхонлик мавзуида суҳбат босилди. Унда «Ҳеч қайси жиноят китоб устида амалга ошмайди. Одам телевизор кўриб, видео кўриб, компьютердан туриб, тўйдан чиқиб жиноятга қўл урган бўлиши мумкин, фақат китоб ўқигандан кейин эмас...» каби мулоҳаза келтирилади. Ҳақ гап. Китоб қўлимизни пулга тўлдириб қўймаслиги ростдир, лекин жиноятдан, кишандан сақлашига нима дейсиз? Энг бебаҳо неъмат – умрингизни тўрт девор ичида бесамар ўтишидан асрамайдими?! Демак, гап фақатгина моддий фаровонликда ҳам эмасга ўхшайди!

Шу ўринда бир курсдошим билан баҳсимиз ёдимга тушди. У «Инсониятга бошқа сайёрани кашф қилгандан янги таомни кашф қилган фойдалироқ», деганди. Балки ўзича ҳақдир... Унинг фикрига рози бўлсак, одам фақат бу дунёга қорин ғамида келиб, қорин ғамида кетар экан-да. Илмми, санъатми, хуллас, қориндан бўлак ҳамма машғулотни, ана, бошқа мавжудотлар қилаверсин! Бизга қорнимиз тўйса, тўй қилсак, кифоя! Китобнинг менга берадиган иккинчи фойдаси шуки, одамларни қўя турай, ҳайвонлардан бир поғона баландда туришга имкон яратади. Ҳар тугул ҳаётнинг маиший мавзуларию икир-чикирларидан холироқ, яшашнинг моҳиятига бошқачароқ назар билан қарашга кўмак беради.

Кейинги масала – мулоқот. Ахир, ҳозирча одамларнинг бир-бирларига кечинмалари, фикр-мулоҳазаларини етказиб беришнинг ёзувдан бошқа шакли топилган эмас. Масалан, икки юз йилдан кейин дунёга келадиган авлодингизга айтишни истаган юрак изҳорингизни сўздан бошқа қай йўсинда ифода эта оласиз? Бу билан сиз ҳам китоб ёзинг, демоқчимасмиз. Неча асрлар олдинги ҳаёт, одамларнинг турмуш тарзи, машғулотлари, ўй-фикридан шу китоблар бохабар қилмаганида, ўзингиз бориб, улар билан учрашиб, суҳбатлашиб келармидингиз? Демак, китоблар умри бир инсон умридан ҳам узунроқ, бир инсон фалсафасидан ҳам қадимроқ бўлиб чиқяпти. Сиз бунақа фалсафаларнинг қанчасини ўзингизники қилиб олишингиз, қанча умрларни яшаб кўришингиз мумкин, китоблар ҳисобига!

Аксарият одамларнинг бадавлат бўлиш истагига ҳам китоб, билим, ақл орқали эришилади. Хуллас, китобнинг одамга берадиганлари кўп. Оладигани эса вақтингизу дардингиз.

Ўзингизни ҳурмат қиласизми?

Мутолаа – меҳнат. Китобни кино кўргандай, мусиқа эшитгандай йўл-йўлакай ўқиб бўлмайди. Ҳафсала, қунт лозим. Одамзод ҳамиша енгилликка интилади, осонини танлайди. Шу сабабли ҳам мутолаа энг охирги ўринга тушиб кетади. Бу – инсоннинг ўзини қийнашни истамагани, дангасалигидан.

Иккинчи омил – китобхонлик кўникмасининг йўқлиги. Китобни кўзи кўриб, қўли ушлаб ўрганмаган одамнинг бирданига китобхон бўлиб қолиши амри маҳол.

Ахборотнинг кўплигини ҳам сабаб қилиб келтириш мумкиндир. Турли маълумотлар билан тўлган мия «ортиқча озуқа»га эҳтиёж сезмас балки?

Бу ва бошқа омиллар халқнинг ёппасига китобхон бўлолмаслигини тасдиқлайди. Ўзини енгган, болалигидан китоб ўқиш кўникмасига ҳамда ахборот ва билимларни саралай олиш қобилиятига эга бўлган одамдангина китобхон чиқади.

Шу топда Гётенинг: «Китобхонликка ўрганиш учун қанчалик кўп вақт сарф қилинишини одамлар тасаввур қилолмайдилар. Бунинг учун мен ҳаётимнинг саксон йилини бағишладим. Лекин ҳали ҳам ўргандим, деб айта олмайман» деган сўзлари ёдга тушади.

Болани бир умрлик бундай оғир ва завқли меҳнатга тайёрлашда оиланинг ўрни беқиёс. Ота-она фарзандини мутолаага меҳр уйғотиши баробарида уни тарбиялаб ҳам боради. Масалан, номаъқул иш қилган фарзандни уриш, танбеҳ беришдан кўра бирор асардан ибратли мисол келтириш орқали тўғри йўлга солган яхши эмасми? Бу билан гўдак хушхулқли бўлиб ўсади, қолаверса, ўша асарни топиб, ўқишга иштиёқи ортади. Туғилган кун ёки рағбатлантириш учун ҳар бир ота-онанинг совғаси китоб бўлса, қанийди! Баъзан акс-таъсир ҳам фойда беради.

Китоб жавонимизда мингдан ортиқ китоблар терилиб турарди. Еттинчи ё саккизинчи синф эдим, чамаси. Ёзги таътилда китоб ўқигим келди-ю, классик асарлар орасидан Мушфиқ Козимийнинг “Қўрқинчли Теҳрон”ини танладим. Энди ўқишга тушгандим, аям қўлимдан китобни олиб: “Аввал мана буларни ўқиб тугат. Буни ўқишга ҳали ёшлик қиласан”, деди-ю, жавоннинг юқори растасига қўйиб қўйди. Шу энди ўша қитобни ўқигим келаверади-келаверади. “Нимаси қўрқинчли экан Теҳроннинг?” деган савол айланаверади миямда. Ўша китобни ўқиш учун нечта-нечта асарларни тугатиб юбордим. Ҳамон рухсат йўқ. Хаёлимнинг бир чеккасида ўша асар тураверади. Ахийри университетни битириш арафасида ўқиб чиқдим. Бироқ негадир Мопассаннинг “Азизим”, Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” ва бошқа шунга ўхшаш асарларни ўқиб, анчагача ўзига келолмай юрган мен қизиқувчига интиқиб кутганим – “Қўрқинчли Теҳрон”нинг қўрқинчи сезилмади... Бугун мени шу йўл билан китобга қизиқишимни орттирган, саралаб ўқишни ўргатган аямга раҳмат дейман.

Ҳозир ўз-ўзидан ҳеч кимнинг қистовисиз дунёни имконим даражасида, кўпроқ билишни истаганим, муайян воқеа-ҳодисалар қизиқтиргани, замоннинг зиёли кишилари билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлишни хоҳлаганим важидан, гоҳида тушкунликка тушганда, гоҳида ёлғизликдан нажот излаб, қўлимга китоб оламан.

Китоблардан топган ҳикматим, олган хулосам оддий. Умри давомида битта китобни варақламай ҳам яшаб ўтиш мумкин, бироқ ўзини ҳурмат қилган одам, албатта, китоб ўқийди. Китобхон – ўзини тафтиш қилишга, дунёни англашга уринган одам.

Севара Алижонова, ЎзА

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг