«Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Schlumberger стратегик шартномалар тузишни муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ халқаро ҳамкорлар билан нефть ва газ саноатида стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Куни кеча «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси ва АҚШнинг «Schlumberger» компанияси Рақамлаштириш ва Интеграция (D&I) дивизиони катта висе-президенти ўртасида шартномаларни имзолашга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Унда FMA ва MSA шартномалари бўйича якуний келишув учун зарур бўлган масалалар батафсил кўриб чиқилиб, кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Томонлар келишувни имзолаш билан боғлиқ ташкилий ва просессуал жиҳатлар, жумладан, зарур тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Суҳбат чоғида шартнома доирасидаги ишларни ўз вақтида бажариш учун мутахассисларни тезкор жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этиш жоизки, ушбу шартномаларни имзолаш жараёнини жадаллаштириш «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда «Schlumberger» ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Бу эса саноатда самарадорликни ошириш ва илғор технологияларни жорий этишга замин яратади.