2021 йил 4 август куни Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Мухсинхужа Абдураҳмонов Сока Университетида ўрнатилган буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Мазкур маросимда ушбу университет ректори Ёшихиса Баба ва бошқа расмийлари иштирок этиб, унда Алишер Навоийнинг ижодий мероси ўзбек халқининг жаҳон маданияти хазинасига қўшган улкан ҳиссаси эканлиги таъкидланди. Шунингдек, Японияда ушбу сиймонинг ёдгорлигини ўрнатилиши ўзбек ва япон халқлари ўртасида тарихий Буюк ипак йўли билан боғланган маданий мулоқотнинг рамзига айлангани алоҳида қайд этилди.
Мулоқот давомида Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» туризм халқаро университети билан Сока университети ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ёшихиса Баба Японияда ташкил қилиниши режалаштирилаётган навбатдаги Ўзбекистон-Япония ректорлари форумида қатнашиш истагини билдирди.