Ўзбекистоннинг янги туризм элчиси мамлакатни халқаро майдонда тарғиб қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини чет элда фаол тарғиб этиш мақсадида Туризм қўмитаси кўмагида Бенилюкс мамлакатларида Ўзбекистоннинг туризм бўйича фахрий элчиси тайинланди. Бу вазифани Брюссел Матбуот клуби президенти, "Travel Tomorrow" медиа компанияси раҳбари Антонио Бускардини бажаради.
Тайинлов сертификати унга сўнгги 40 йил ичида биринчи марта Парижда эмас, балки тарихий Самарқандда ўтказиладиган ЮНEСКОнинг Бош конференцияси 43-сессиясига тайёргарлик кўришга бағишланган тадбир давомида топширилди. Унинг фаолияти медиа лойиҳалар, маданий ташаббуслар ва халқаро алоқаларни ривожлантириш орқали Ўзбекистон нуфузини оширишга қаратилади.
Тадбир давомида Ўзбекистонда туризм соҳаси жадал ривожланаётгани, бунга Туризм қўмитасининг ҳиссаси алоҳида таъкидланди. Хусусан, Самарқандни 2023 йилда "Жаҳон маданий туризм пойтахти" деб тан олингани, аэропортларнинг замонавийлаштирилаётгани, маданий, зиёрат, экологик ва гастрономик туризмнинг фаол ривожланаётгани қайд этилди. Европа туроператорлари, жумладан, Бенилюкс мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларига 400 миллиондан ортиқ аудиторияга эга бўлган TV5Monde телеканали учун тайёрланган "Embarquement: Samarkand" номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.