Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, халқаро захиралар ҳажми кетма-кет иккинчи ой камаймоқда.
2025 йил 1 январ ҳолатига уларнинг умумий қиймати 41,18 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 297,2 миллион долларга ёки 0,7% га камайган.
Шунга қарамай, захиралар ҳажми юқори даражада сақланиб қолган ва ўтган йил давомида 19,1% га ўсган, бу эса 6,6 миллиард доллардан ортиқ ўсишни англатади.
Марказий банк омборларидаги олтин қиймати 704,4 миллион долларга пасайиб, 32,03 миллиард долларни ташкил этди. Бироқ олтин захирасининг умумий вазни ўзгармай, 12,3 миллион трой унция (ёки 382,57 тонна) даражасида қолган.
Валюта захиралари 414 миллион долларга ошган ва январ бошига 8,59 миллиард долларни ташкил этган. Ушбу сумма ичида 351 миллион доллар бошқа давлатларнинг марказий банклари ва Халқаро валюта жамғармаси ҳисобларида сақланмоқда, 8,14 миллиард доллар эса хорижий тижорат банкларида жойлаштирилган.
Марказий банк томонидан сотиб олинган хорижий облигациялар қиймати бироз ошган бўлиб, йил бошига келиб 101,7 миллион долларни ташкил этди.