Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи арафасида, 3 февраль куни Малайзиянинг Пенанг штатида «Ўзбекистон — Буюк Ипак йўли дурдонаси» деб номланган ўзбек-малайзия туристик форуми бўлиб ўтди.
Форумда Туризм қўмитаси вакиллари, Малайзия ва Пенанг штати ҳукуматларининг туризм йўналиши раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Малайзиянинг етакчи мутахассислари ва туристик бизнес вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, тарихий ёдгорликлари, маданий ва табиий мероси ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Алоҳида эътибор Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро, Хива каби мамлакатнинг тарихий-маданий йўналишларига қаратилди.
«B2B» форматидаги учрашувларда 100 дан ортиқ икки давлат туристик бизнес вакиллари қатнашиб, Ўзбекистон ва Малайзия турфирмалари ўртасида бизнес алоқалар ўрнатилди, ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди ва туристик оқимни кўпайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, форум доирасида ташкил этилган «Янги Ўзбекистон» фотокўргазмаси орқали малайзиялик туристик компания вакиллари мамлакатнинг янги туристик объектлари, замонавий инфратузилмаси ва маданий мероси билан танишдилар.
Меҳмонлар учун миллий қўшиқлар, мусиқа ва рақсларни ўз ичига олган маданий дастур намойиш этилди. Бу дастур Ўзбекистоннинг бой маданий меросини аниқ ифодалаб берди. Шунингдек, меҳмонларга анъанавий ўзбек таомлари таклиф қилинди.
Ушбу форум Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги туристик алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги имкониятлар очди.