Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Дунё 29/09/2016 Ўзбекистоннинг сайлов тизими демократик талабларга тўла жавоб беради
Ўзбекистоннинг сайлов тизими демократик талабларга тўла жавоб беради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонасида республикамизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Малайзия ижтимоий-сиёсий ва илмий-таҳлил доираларининг таниқли намояндалари, соҳага алоқадор муассасалар, йирик савдо ва ишлаб чиқариш компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Учрашув чоғида таъкидланганидек, 2016-йил 4-декабрь кунига белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари ошкоралик, очиқлик ва шаффофлик сингари демократик тамойиллар асосида ўтади.

Шунингдек, давра суҳбати қатнашчилари республикамизда миллий сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳиятини аҳолига, шу жумладан, ёшларга тушунтириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани билан ҳам яқиндан танишдилар.

Тадбир интиҳосида унинг айрим иштирокчилари “Жаҳон” ахборот агентлигига интервью бердилар.

Жумладан, RHA Sdn. Bhd. ноширлик уйининг асосчиси ва бош ижрочи директори Рамачандран Раджендран Ўзбекистонда демократик талабларга тўла жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилгани, мамлакат фуқароларининг ўз ҳоҳиш-иродаларини эркин ифода этишларини таъминлайдиган ҳамда халқаро сайлов меъёрлари ва тамойилларига мувофиқ келадиган самарали сайлов қонунчилигининг асоси шаклланганини қайд этди.

Унинг фикр билдиришича, ҳозирги муҳим ва масъулиятли паллада мамлакат ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда ўзбек халқининг бирдамлиги бўлажак Президент сайловлари сайловчиларнинг юқори фаоллигида, уюшқоқлик билан ва муваффақиятли ўтади, дея хулоса чиқаришга имкон беради.

Шунингдек, Р.Раджендран Ўзбекистон ҳамда Малайзия ўртасидаги кўп йиллик ва самарали ҳамкорлик барча муҳим йўналишларда бундан кейин ҳам равнақ топажагига комил ишонч билдирди.

Ўз навбатида, “OIC Today” журнали ношири ва бош муҳаррири Муҳаммад Раджа Талиб Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида халқаро ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ишига қўшган салмоқли ҳиссаси туфайли мамлакатимиз дунё миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг 2016-йилда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Шунингдек, нашр бош муҳаррирининг айтишича, мамлакатимизда аҳолини миллий сайлов қонунчилиги ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар моҳияти билан яқиндан таништириш борасидаги ишлар самарали йўлга қўйилгани ҳам катта эътиборга молик жиҳатдир.

Муҳаммад Раджа Талиб республикамизда аҳолининг сайловларда кенг иштирок этишлари ҳамда улар ўзларининг сайлов ҳуқуқини амалга оширишлари учун барча зарур ҳуқуқий асослар яратилгани эътироф этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг