Таъкидлаш жоизки, мазкур форум янги алоқалар ўрнатиш ва салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб қилишда муҳим халқаро майдонлардан бири саналади. Бу йилги тадбирга дунёнинг 140 мамлакатидан 19 минг нафардан зиёд меҳмон ташриф буюрди. “AIM” доирасида энергетика ва кон саноати, ишлаб чиқариш, агросаноат, инфратузилма ҳамда логистика тармоқлари, туризм ва меҳмонхона бизнеси, молия, банк иши, савдо, ахборот технологиялари ҳамда телекоммуникациялар, кўчмас мулк ва консалтинг соҳаларининг тараққиёти муҳокама этилади.
Тадбир Бирлашган араб амирлиги Вице-президенти ва Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими - шайҳ Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум кўмаги остида БАА иқтисодиёт вазирлиги томонидан ташкил этилди.
Форум доирасида “Дунёнинг турли ҳудуларида 2017 йилнинг энг яхши инвестициявий лойиҳаси” номинациясида “AIM 2018 Investment Awards” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси инвестиция қўмитасининг нефть ва газ соҳасидаги инвестициявий лойиҳаси “Марказий Осиё, Россия ва Кавказда 2017 йилнинг энг яхши инвестициявий лойиҳаси учун” номинацияси ғолиби бўлди.
Қайд этиш жоизки, мукофот иқтисодий жиҳатдан фойда келтирувчи хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича сермашаққатли ишларни амалга оширилишда муносиб ҳисса қўшгани ва умуман олганда, иқтисодиётнинг ривожланиши ҳамда бозорни кенгайтиришда кўрилган чоралар учун берилади.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан Навоий вилояти ҳокимининг инвестиция, инновациялар ва туризм бўйича ўринбосари Ўктам Исломов иштирок этди.