Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 18/02/2023 Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш ҳолати муҳокама қилинди
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш ҳолати муҳокама қилинди

2023 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.

Муҳокама чоғида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш масалалари устувор аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Мамлакатимизнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси доирасида фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида БМТ ва Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари ратификация қилинган. Айниқса, яқинда давлатимиз раҳбарининг қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқлангани ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Шу билан бирга, мажлисда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни самарали қўллаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва кўникмалари етарли даражада шаклланмаганлиги ҳуқуқ-тартибот органлари имижига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Сенаторлар БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ижроси мониторинги натижаларидан ҳам алоҳида ташвиш билдирдилар. Бу ўринда ижтимоий инфратузилма объектлари – йўллар, мактаблар, университетлар, поликлиникалар, шифохоналар ногиронлар учун етарли даражада мослаштирилмагани ҳақида сўз бормоқда. Қолаверса, Брайл алифбосидаги дарсликлар ҳам етишмаяпти.

Мажлисда, шунингдек, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибидаги бошқа масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Қўмита аъзолари томонидан ҳар томонлама кенг ва очиқ муҳокамалар якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг