Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 25/10/2016 Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 31,97 млн. нафарни ташкил этди
Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 31,97 млн. нафарни ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2016-йил 1-октябрь ҳолатига 31977,1 минг нафарни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 401,8 минг нафарга ёки 1,3 фоизга ўсган. Бу ҳақда Ўзбекистон Статистика қўмитаси хабар беради.

Шаҳар аҳолиси сони 16181,4 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,6 %), қишлоқ аҳолиси сони 15795,7 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 49,4 %) ташкил этди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2016-йилнинг январь-сентябрь даврида 532,4 минг нафар бола туғилиб, мос равишда туғилиш коэффициенти 22,4 промиллени ташкил қилди (2015-йилда 22,8 промилле бўлган).

Ўзбекистонда 9 ой давомида 108,9 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда ўлим коэффициенти 4,6 промиллени ташкил этди.

Рўйхатга олинган жами вафот этганларнинг 59,4 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,9 фоизи ўсимталардан, 5,9 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 5,2 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 6,3 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан вафот этган.

2016-йилнинг январь-сентябрь даври мобайнида 5,6 минг нафар 1 ёшгача бўлган болалар ўлими қайд этилди ва гўдаклар ўлими коэффициенти 10,1 промиллени ташкил этди.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача вафот этган жами болаларнинг 55,5 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 24,4 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 9,8 фоизи туғма аномалиялардан, 3,1 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан вафот этган.

2016-йилнинг январь-сентябрь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 176,1 мингта никоҳ ва 22,2 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган. Республика бўйича никоҳ тузиш коэффициенти 7,4 промиллени, никоҳдан ажралиш коэффициенти эса 0,9 промиллени ташкил этди.

2016-йилнинг январь-сентябрь даврида республика бўйича кўчиб келганлар сони 106,5 минг нафарни, кўчиб кетганлар сони эса 128,2 минг нафарни ташкил этди. Миграция сальдоси минус 21,7 минг нафарни ташкил этди (2015-йилда минус 23,1 минг нафар бўлган).

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг