2022-йил октябр ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ўзбекистонлик бир гуруҳ мутахассислар учун Туркиянинг картошка уруғчилиги тажрибасини ўрганиш мақсадида ушбу давлатга ўқув сафарини ташкил этди. Мазкур сафар иштирокчилари орасида ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мева-сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачиликни ривожлантириш бошқармаси вакили ҳам бор эди.
Саёҳат ФАОнинг “COVID-19 га жавобан картошка секторини тиклаш ва ривожлантириш” лойиҳасининг бир қисми бўлиб, у Ўзбекистонда картошка соҳасининг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга қаратилган. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида картошка навларини рўйхатга олиш ва уруғликни сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, картошка етиштиришни модернизация қилиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини такомиллаштириш, юқори сифатли картошка етиштиришни ривожлантириш ва уни сақлаш шароитларини яхшилаш, энг муҳими, ушбу соҳада фаолият юритаётган фермерлар, агрономлар ва шу соҳаларда ишлайдиган бошқа мутахассисларни тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Уруғлик картошка экиш учун махсус етиштирилади. Бундай картошка касалликларга чидамли ва юқори ҳосил беради ҳамда унинг нархи оддий картошка нархидан бир неча баравар юқори. Картошка уруғини етиштириш ишлари одатда бир неча йил давом этади. Бу борада Туркия катта салоҳиятга эга. Мамлакатда ҳар йили 150 минг гектар майдонда 5 млн тоннага яқин картошка етиштирилади, шундан 450 минг тоннага яқини уруғлик картошкадир.
Ўқув сафари давомида, аввало, Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг Сивас шаҳрида картошка уруғлик ишлаб чиқариш бўйича энг йирик “Doga Seed” корхонасига ташриф буюриб, маҳсулот етиштиришнинг турли босқичлари билан яқиндан танишди. Навбатдаги ташриф Туркия картошкачилик илмий-тадқиқот институти жойлашган Ниғде шаҳрига уюштирилди. Институтда олиб борилаётган илмий изланишлар ҳақида тақдимот ўзбекистонлик мутахассислар эътиборига ҳавола этилди, шунингдек, улар лабораториялар, иссиқхоналар ва тажриба майдонларида, сўнгра Тирхон қишлоғидаги фермер хўжаликларида бўлиб, фермерлар билан мулоқот қилишди, ҳаттоки бу ерда картошка йиғиш жараёнида ҳам иштирок этишди.
Кейин эса ҳамюртларимиз картошка сақлаш учун фойдаланиладиган ноёб табиий ғорлари билан машҳур бўлган Невшеҳирга ташриф буюришди. Омборларнинг тузилиши ва маҳсулотларни сақлаш усулларини ўрганган Ўзбекистон делегасияси “Doga Seed” компаниясининг Невсеҳир шаҳрида жойлашган яна бир қанча обектлари, жумладан, фри картошкаси ишлаб чиқариш заводида бўлишди.
Анқарада ўзбекистонлик мутахассислар Туркияда сертификатланган уруғлик картошка етиштириш ва картошка навларини рўйхатдан ўтказишнинг турли масалаларига масъул бўлган давлат идораларида учрашувлар ўтказишди. Хусусан, булар Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг Ўсимликчилик бош бошқармасининг Уруғчилик бўлими, Туркия навларини рўйхатга олиш ва уруғликни сертификатлаш маркази ҳамда Ўсимликларни ҳимоя қилиш марказий илмий-тадқиқот институти кабилардир.
ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Сабзавотчилик, картошкачилик ва полизчилик бўлими етакчи мутахассиси Азизжон Раимов сафар ва Туркияда орттирилган тажрибалари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди: “Туркиядаги Картошкачилик илмий-тадқиқот институтида бўлар эканмиз, янги картошка навларини яратиш, уруғлик картошкани етиштириш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар билан танишиб чиқдик. Айни кунларда у ерда биотехнологик усулда “in-vitro” шароитида картошка уруғлигини кўпайтириш бўйича лабораториядаги ишлар олиб бориляпти экан. Ушбу илмий-тадқиқот институтида картошканинг 10 та нави яратилган бўлиб, уларнинг қурғоқчиликка, нематода каби зараркунандаларга чидамлилиги ўрганилмоқда. Институт олимлари томонидан чет мамлакатлардан интродукция қилинган картошка навларини маҳаллий муҳитга мослаштириш бўйича керакли тавсиялар берилди. Шунингдек, экинларни алмашлаб экиш йўналишида ҳам Туркия тажрибасини ўргандик. Институт қошидаги 500 тонна сиғимга эга картошка сақлаш омборини кўриб чиқдик. Сафаримиз натижасида республикамизда давлат томонидан картошка етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Туркия тажрибаси асосида минерал ўғитлар, суғориш тизимлари, ёқилғи каби моддий ресурсларга субсидия ҳамда имтиёзли кредитлар ажратадиган муассасаларни ташкил этиш таклифини бердик. Биз учун сафар жуда самарали бўлди. Ташкилотчиларга раҳмат”.
Уруғлик картошкаси етиштириш бўйича Туркиянинг илғор тажрибасини ўрганиш ўзбекистонлик мутахассисларга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонда картошкачилик соҳаси салоҳиятини ошириш мақсадида хорижий тажрибани самарали жорий этиш имконини беради.