– Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида йиллар давомида халқимизнинг кундалик ҳаётида тўпланиб қолган кўплаб муаммолар очиқ ва ойдин кўрсатиб ўтилди, уларнинг ечими борасидаги аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Таъкидланганидек, жорий йилда ички ишлар органларида тарихий аҳамиятга молик кўп кўламли ислоҳотлар ўтказилди. Фаолиятимиз самарадорлигини тубдан ошириш ва такомиллаштиришга шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан катта эътибор берилмоқда.
Президентимизнинг Мурожаатномасида вилоятлар ўртасидаги постларнинг жойлашуви нафақат фуқароларимизга, балки иқтисодиётимизга ҳам катта салбий таъсир кўрсатаётганлигини аниқ рақамлар билан кўрсатиб берилди.
Биз қисқа муддат ичида барча постлар фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқамиз. Мамлакатимиз ҳудудида 133 та ана шундай пост бор. Шундан 60 та йўл-патруль хизмати маскани ва 73 та патруль-пост хизмати стационар маскани жойлашган. Дастлабки ўрганишларни бошладик. Мана шу жами 133 постдан 66 тасини тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрланди ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Халқимизнинг таклифлари, юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлашни ҳисобга олган ҳолда уларни кескин равишда камайтириш чораларини кўрамиз. Ички ишлар органларининг йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари ходимларини босқичма-босқич видеокамералар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.