Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиш жараёнида яширин иқтисодиётнинг кўламини қисқартириш доимо долзарб масалалар қаторида бўлиб келган. Яширин иқтисодиёт, ўзининг табиати бўйича, расмий статистикаларда кўрсатилмайдиган ва давлат назоратидан четда қоладиган иқтисодий фаолиятлар йиғиндисидир. Ушбу иқтисодиёт кўлами нафақат солиқ базасининг қисқаришига, балки ижтимоий адолатсизлик ва иқтисодий ноаниқликнинг ортишига ҳам олиб келади.
Мазкур тадқиқотда Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг ҳажми Гутманнинг монетар усули ёрдамида иқтисодиётдаги нақд пул ҳажми ҳамда иқтисодиётнинг долларлашув даражасини инобатга олган ҳолда баҳоланган.
Маълумот учун: Гутманнинг монетар усули яширин иқтисодиётни баҳолашда нақд пул талаби ёндашуви ҳисобланади. Нақд пул усуллари Каган (1958), Гутман (1977) ва Танзи (1980, 1983) томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу алоҳида ёндашув иқтисодчилар орасида бир нечта кўрсаткичли бир нечта сабаблар (MIMIC) усули ёки электр энергияси истеъмоли усули каби бошқа усуллар билан биргаликда қўлланилиб келинади. Ўтган йиллар давомида бу ёндашув асосан ривожланган мамлакатларда норасмий иқтисодиётни баҳолашда кенг қоʻлланилган, масалан, АҚШ учун Танзи, Норвегия учун Шима, Норвегия ва Шветсия учун Кловланд, Италия учун Бови ва Кастеллучи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЕCД) мамлакатлари учун Бови ва Делл'Анно томонидан қўлланилган. Яқинда олиб борилган тадқиқотлар Мексика учун Брамбила ва Cаззавилан, Перу учун Эрнандес, Осиё-Тинч океани мамлакатлари учун Шнайдер ва Бажада, Жанубий Африка учун Колоане ва Бодҳлера, Полша учун Дйбка ва бошқалар, Руминия учун Делл'Анно ва Давидесcу, Болгария учун Аҳумада ва бошқалар ва Петранов ва бошқалар, Малайзия учун Хон.
Яширин иқтисодиёт кўлами.
2005-2022 йилларда яширин иқтисодиёт ҳажми 31 фоиздан 53 фоизгача етган. 2017 йилда мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар доирасида пул-кредит ва валюта сиёсатининг эркинлаштирилиши натижасида нақд пул ҳамда валюта олди-сотдиси билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Бу ўз навбатида иқтисодиётда нақд пул ҳажмининг ошишига таъсир қилиб, яширин иқтисодиёт кўламини расмий иқтисодиётга нисбатан салкам 59 фоизгача ошишига олиб келди. Лекин, кейинги йилларда муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар сонининг сезиларли даражада кўпайиши натижасида нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг ривожланиши, шунингдек, солиқ ислоҳотларининг амалга оширилиши яширин иқтисодиёт ҳажмининг 2018 йилдаги 55 фоиздан 2021 йилда 42 фоизгача камайишига хизмат қилди.
2022 йил 1-январь ҳолатига кўра, муомаладаги банк карталари сони 2018 йилнинг 1-январь ҳолатидагига нисбатан 1,4 баробарга, ўрнатилган тўлов терминаллари сони 1,8 баробарга, банкомат ва инфокиосклар сони 2,3 баробарга кўпайди. 2021 йилда тўлов терминаллари орқали келиб тушган тушумлар 178 трлн. сўмни ташкил қилиб, 2017 йилдагига нисбатан 2,1 баробарга ошди.
Нақд пул ва долларшув даражасининг яширин иқтисодиётга таъсири.
2022 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг кескин даражада ошиб кетиши натижасида иқтисодиётда нақд пул массаси кўпайди. 2022 йилда муомаладаги нақд пул массасининг ўртача миқдори 2021 йилдагига нисбатан 43,5 фоизга ошиши натижасида яширин иқтисодиёт ҳажми 53 фоизгача кўпайди. Мазкур даврда нақд пул ҳажмининг кўпайиши бир томондан аҳоли томонидан тижорат банкларига сотилган чет эл валюталари миқдорининг 2021 йилдагига нисбатан 1,7 баробар ошгани билан боғлиқ бўлса, бошқа томондан Россия-Украина можароси туфайли юзага келган ноаниқликлар реал секторда нақд пулга бўлган талабнинг ошишига олиб келди.