Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 16/03/2018 Ўзбекистонда тўй-ҳашамлар тартибга солинади
Ўзбекистонда тўй-ҳашамлар тартибга солинади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар (кейинги ўринларда оилавий тадбирлар деб юритилади) миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради.

Бироқ, кейинги пайтларда оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Бундай тадбирларни ўтказишда халқимиз менталитети, дунёқараши ва миллий анъаналарига мутлақо ёт бўлган номақбул одатларнинг ўйлаб топилаётгани ва кириб келаётганлиги, ўз навбатида уларнинг мусобақага айланиб бораётгани ачинарлидир.

Бу каби одатлар халқимиз маънавияти ва турмуш тарзига, айниқса ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг бугунги замон талаблари асосида билим олиш, етук мутахассис бўлиб етишиш йўлидаги интилишларини сусайтирмоқда. Ёшлардаги меҳнатсеварлик, катталаргаҳурмат, одобсақлаш, виждонлибўлиш, исрофгарчиликдан тийилиш каби хислатлар ўрнига ҳалол меҳнатга нисбатан беписандлик, енгил-елпи ҳаётга интилиш, дабдабабозлик каби иллатларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Айниқса, бу каби салбий одатларга берилган давлат хизматидаги баъзи раҳбарлар, манманликка берилиб кетган ҳавойи мансабдорларнинг номақбул ҳаракатлари маҳаллаларда, истиқомат жойларида соғлом муҳит бузилишига сабаб бўлмоқда, оддий одамларнинг ғашига тегмоқда, уларнинг адолатга, амалга оширилаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ва туб ислоҳотларга, умуман давлат ҳокимиятига бўлган ишончига путур етказмоқда.

Оилавий тадбирлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат молиявий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир ўтказмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёш оилалар ўртасидаги ажралишлар аксарият ҳолларда тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқаётган можаролар оқибатида юз бермоқда.

Миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимиз арконларига мутлақо зид бўлган бундай нохуш ҳолатлар кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, оммавий ахборот воситаларида, маҳалла ўртасида муҳокама қилинмоқда. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, бу борада, афсуски, ижобий ўзгаришлар сезилмаяпти.

Халқимиз орасида обрў-эътиборга, катта ҳаётий тажриба ва малакага эга бўлган маҳалла фаоллари ортиқча исрофгарчиликка йўл қўяётган шахсларни инсофга чақириш, уларнинг ўз эҳтиёжларидан ортиқ маблағларини халқимизнинг азалий одатларига амал қилиб, илм-фанга, фарзандларимизни билимли ва баркамол қилиб тарбиялаш, шунингдек, хайр-эҳсон, меҳр-мурувват кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш, уй-жойларни обод қилиш, йўллар, кўприклар қуриш, тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришга сарф қилиш каби эзгу амаллар билан эл-юрт олдида ўзларига ҳақиқий обрў орттириши мумкинлиги юзасидан таклифлар ва маслаҳатлар бермоқдалар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази,

Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олиб, мамлакатимизда оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 15 кун муддатда:

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)ларда Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи ҳудудий комиссиялар тузилишини ҳамда улар фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилишини таъминласин;

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ихчам ва тартибли ўтказишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин. Ушбу дастурда:

оилавий тадбирларнинг ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда уларни ихчам, камтарона, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;

барча даражадаги давлат органлари ва муассасаларининг раҳбарлари оилавий тадбирларни ўтказишда ўрнатилган талабларнинг бажарилиши учун шахсан намуна бўлишларини, ушбу масалада уларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш;

никоҳга кираётган шахслар учун, уларни оила қуришга тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсларни ташкил этиш;

кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда оилавий тадбирларни тартибга солиш ҳамда уларни ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, кенг тарғиб қилиш орқали ҳаётга татбиқ этиш;

оилавий тадбирларни ўтказиш бўйича белгиланган қоидаларни бажармайдиган ва жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф этиб, уларнинг хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама қилиш, уларга нисбатан тегишли чораларни кўриш ва тушунтириш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратиш;

фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари қошида аҳолига, биринчи навбатда унинг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига арзонлаштирилган хизмат кўрсатадиган 150 тагача ўринли тўйхоналар фаолиятини йўлга қўйиш;

оилавий тадбирларни ўтказишда аҳолига озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларни арзон нархларда етказиб бериш бўйича хизмат кўрсатадиган тузилмаларни ташкил этиш чораларини кўриш;

оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) томонидан хизмат кўрсатиш тартибини ишлаб чиқиш, бунда санъаткорларнинг шартнома асосида хизмат кўрсатишини, хизмат кўрсатиш нархларининг энг юқори миқдорини, шунингдек, оилавий тадбирга фақат бир нафар санъаткорни (гуруҳни) жалб этиш борасидаги чекловни ўрнатиш;

оилавий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ барча шартномаларнинг намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

оилавий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган тўйхона, ресторан ва кафеларнинг инфратузилмасини қайта кўриб чиқиш, янги қурилаётган биноларни белгиланаётган талабларга мувофиқлаштириш чораларини кўриш назарда тутилсин.

2. Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашига бир ой муддатда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг оилавий тадбирларини ўтказишга кўмаклашиш бўйича махсус жамғарма ташкил қилиш чораларини кўриш тавсия этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда бир ой муддатда дафн этиш, мотам ва бошқа диний маърака ва маросимларнинг турларини белгилаб, уларни ўтказишнинг ягона тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги оилавий тадбирлар ўтказилишида жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш чораларини доимий равишда кўриб борсин.

6. Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда оилавий тадбирларда пуллик автотранспорт хизмати кўрсатиш фаолиятини лицензиялашнинг алоҳида тартибини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Барча даражадаги давлат органлари раҳбарлари ва мансабдор шахсларига ўз оилавий тадбирларини ўтказишда аҳолига шахсий намуна бўлишлари ҳамда ўрнак кўрсатишлари тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига оилавий тадбирларни ўтказишда муқаддас ислом дини арконларига амал қилишнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий аҳамияти тўғрисида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, айниқса, тўйларда исрофгарчилик ва келин-куёв учун меъёрдан ортиқ сеп йиғиш каби иллатларнинг ёшларнинг келгусидаги ҳаёти, тақдирига кўрсатадиган салбий таъсири ҳақида кенг кўламли тарғибот олиб бориш тавсия этилсин;

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан, шунингдек, оилавий тадбирлар ўтказиш тартибига риоя қилмаганлик учун тегишли жавобгарликни белгилаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига оилавий тадбирларни ўтказиш тартибига риоя этилиши ҳолати, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг асл моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг халқ оммасига мунтазам етказиш тавсия этилсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига кенг жамоатчилик эътиборига ушбу Қарор талабларини етказиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича чоралар кўриш тавсия этилсин.

12. Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси оилавий тадбирлар ўтказилишининг доимий мониторингини амалга ошириб борсин ва унинг натижаларига кўра тегишли қарор ва қоидаларни такомиллаштириш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритиб борсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритиб борсин.

14. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С. Артикова зиммасига юклатилсин.

15. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг