Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 08/11/2016 Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини назорат қилиш тизими қайта кўриб чиқилади
Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини назорат қилиш тизими қайта кўриб чиқилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлиги дунёнинг кўплаб мамлакатларида иқтисодиётни муваффақиятли ва самарали ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётгани сир эмас. Жумладан, Германияда “кичик иқтисодиёт”нинг мамлакат ЯИМидаги улуши 80 фоиздан ортиқни ташкил этиб, меҳнат билан банд бўлган аҳолининг 70 фоиздан ортиғини иш билан таъминлайди. Саноати юксак даражада ривожланган Буюк Британия, Канада, АҚШ, Жанубий Корея, Япония каби мамлакатларда ҳам бу борадаги кўрсаткичлар юқоридир.

Мамлакатимизда ҳам мазкур йўналишда кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Кичик бизнеснинг ЯИМдаги улуши 56,5 фоизга, бандликдаги улуши 78 фоизга етди. Айни пайтда иқтисодиётнинг ушбу муҳим тармоғининг самарали ривожланишига тўсқинлик қилаётган қатор тўсиқ ва чекловлар мавжуд. Уларни бартараф этиш Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг бош мақсадларидан.

Бу борадаги масалаларни ҳал этиш учун кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, шу орқали миллий иқтисодиётни хусусий сектор ташаббусларини рағбатлантириш учун самарали воситага айлантиришга қаратилган кенг миқёсли чоралар мажмуини амалга ошириш кўзда тутилган. Масалан, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, хусусий мулкни ривожлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига янада кўпроқ эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни олдини олиш номзод дастурида илгари сурилган асосий вазифалар сирасига киради. Бунинг учун тадбиркорликм фаолиятини назорат қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун яна бир рағбат сифатида тадбиркорларнинг суд орқали ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларнинг жавобгарлигини либераллаштириш таклиф этилмоқда. Бунда хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашгани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, сайловолди дастурида солиқ солиқ бошқаруви ва банк фаолиятига замонавий тартибга солиш механизмларини жорий этиш, шунингдек, рухсат беришга оид ҳужжатлар ва лицензиялар бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш мўлжалланмоқда.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, мамлакатимиз “кичик иқтисодиёти”ни янги даражага кўтариш, янги иш ўринларини яратиш, пировардида, Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг бош мақсади бўлган халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Ватанимизнинг ёрқин келажагини барпо этишдан манфаатдор барча фуқароларимизни 4-декабрда бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этиш ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Миромонович Мирзиёевга овоз беришга чақирамиз. O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг