Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 15/11/2021 Ўзбекистонда «Тадбиркор аёллар» ҳафталиги ўтказилади
Ўзбекистонда «Тадбиркор аёллар» ҳафталиги ўтказилади

Ҳафталик бош мавзуси: «Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга муваффақиятли ёндошувлар: Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти тажрибаси».

«Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси бугун забардаст 30 ёшда. Ташкилот ёши билан бирга оёққа турди, ёши билан улғайди, тажриба орттирди. Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлиги ҳаракатининг чинакам локомотивига айланди. Бугунги кунда Республикамизда Ассоциациянинг 68 та ҳудудий бўлимлари ташкил этилган бўлиб, уларда 200 нафар мутахассислар жамоатчилик асосида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича фаолият юритмоқдалар.

Ўтган давр мобайнида Ассоциация томонидан маҳаллий ва халқаро институтлар билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди. Натижада 60,3 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик малакасига эга бўлиб, уларнинг 80 фоизи иш билан банд бўлди. 50 минг нафардан зиёд аёл бизнес юритиш асослари ва методикасига ўргатилиб, ўз бизнесларини ташкил эта олди.

Ҳафталикда аёлларнинг ҳуқуқий-иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда ишбилармон доиралар ва бизнес ҳамжамиятининг ўрни,  гендер тенглиги, кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрни ва тадбиркор аёлларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш масалалари муҳокама этилади.

- Мамлакатимиз аёллари иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш;

-Тадбиркор аёллар, давлат идоралари ва бошқа жамоат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмларини муҳокама қилиш;

-Инвестициялар жалб қилиш, яқин ва узоқ хориж ишбилармонлари билан манфаатли савдо алоқаларини ўрнатишда тадбиркор аёлларга кўмаклашиш.

-Мамлакат савдо–иқтисодий, туристик имкониятларини тарғибот қилиш ўтказилажак Ҳафталикнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

Ҳафталикда мамлакатимиз ишбилармон аёллари билан бир қаторда  давлат ва нодавлат ташкилотлар, хорижий ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари, қатор мамлакат элчилари, хорижий бизнес экспертлар, хоржий давлатлар тадбиркорлик уюшмалари, илмий тадқиқот, халқаро, молия институтлари, суғурта муассасалари ва ОАВлари иштирок этадилар.

Ҳафталик тадбирлари:

15-17   ноябрь, 2021 йил

1. «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ташкил топганлигининг  30 йиллик юбилей тантаналари муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани.

2. Исломобод Глобал бизнес тадқиқотлари маркази (CGSS) томонидан ташкил этиладиган 3 кунлик «Муваффақиятли бизнес» онлайн ўқув семинари.

Онлайн семинар тренингда қишлоқ хўжалиги стартаплари, мева сабзавотчилик, балиқчилик, кичик бизнесни бошқариш, деҳқончилик ғояларининг мақсадга мувофиқлигини таҳлил қилиш масалалари муҳокама этилади. Семинар иштирокчиларига покистонлик малакали бизнес тренерлар томонидан ташқи ривожланган бозорларга чиқиш сир асрорлари ҳақида маълумотлар берилади.

18 ноябрь, 2021 йил

1.»Покистон ва Ўзбекистон ишбилармон аёллар бизнес алоқалари истиқболлари» мавзусида халқаро онлайн конференция.

Ўзбекистон ва Покистон юқори иқтисодий салоҳиятга эга бўлган давлатлар сирасига киргани боис ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжуд. Икки мамлакатни буюк тарихий, маданий ва диний алоқалар боғлаб келган. Айниқса, Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти ташаббуси билан Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро савдо алоқалари ривожланиб бормоқда. Бинобарин бу алоқалар, айниқса, савдо, иқтисодиёт, сармоя ва бошқа тегишли соҳаларда катта истиқболларга эга. Ҳар икки мамлакатда ҳам ҳамкорликнинг фойдаланилмаган кенг имкониятлари мавжуд. Шу нуқтаи назардан икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда тадбиркор аёлларнинг ўрни муҳимдир.

Конференция 2 сессиядан иборат бўлиб, унда ўзаро манфаатли соҳаларда қўшма корхоналар тузиш, лойиҳаларга инвесторлар ва потенциал шерикларни жалб қилиш, аёллар раҳбарлигидаги корхоналар экспорт салоҳиятини ошириш, икки мамлакат бизнес манфаатларини бирлаштириш, мамлакатлараро ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, халқаро бизнес коммуникациялари, маданиятлараро маркетинг, Покистон Ўзбекистон аёллар ишбилармонлик ҳаракати янги истиқболлари, ахборот технологиялари, фармацевтика, тўқувчилик, қурилиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилади.

Ҳар бир йўналиш бўйича муҳокамаларда покистон ва ўзбек бизнес экспертларининг иштироки режа қилинган.

Онлайн конференция ишида Ўзбекистон Республикасининг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов, Исломобод Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази директори Халид Таймур Акрам, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудоваларнинг иштироки кўзда тутилган.

18 ноябрь, 2021 йил

1. «Замонамиз тадбиркор аёли тимсоли бадиий асарларда» мавзусида киноижодкорлар, режиссёр, сценарист, театр арбоблари, тадбиркор аёллар ва журналистлар иштирокида давра суҳбати.

Санъатларнинг энг муҳими, кино, деган гап бежиз айтилмаган. Зеро кино, театр санъати аҳоли, ёшлар маънавияти шаклланишида муҳим ўринга эга.

Бугунги кун ўзбек киноларида  супер қайнона, супер келинлар, ғийбатчи қўшнилар, шаллақи аёллар образи оммалашган. Аёллар шунчаки рафиқа ва қайнона образида гавдалантирилмоқда. Ёки аёллар учун бадиий асарлар фақат пишириқлар, безаниш ҳамда косметология кесимида намойиш этилмоқда.  Аёллар образлари дискриминацион характерга эга бўлиб қолмоқда.

Ваҳоланки, аёл нафосат ва гўзаллик тимсолидир. Ўзбек аёли ўзининг ақл заковати, зукколиги, садоқати, вафоси, шунингдек, сабр бардоши билан ажралиб туради. Бугун аёлларнинг жамиятдаги ўрни ошмоқда. Ҳукумат даражасида аёллар гендер масалаларига катта эътибор берилмоқда. Хотин-қизларга катта, масъулиятли лавозимлар ишониб топширилмоқда. Тадбиркор аёлларимиз йирик бизнес ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширмоқдалар.

Зиёли, тадбиркор аёлларимиз ҳақида бирорта ҳам фильм ишланмаган. Борларида ҳам тадбиркор аёл образига жуда юзаки ёндошилган.

Кино ва театр асарларида тадбиркор аёл образи қандай бўлиши керак? Бугунги кун ўзбек ишбилармон аёлининг асл қиёфаси қандай?

Кино ва театр арбоблари, санъатшунослар, тадбиркор аёллар, журналист ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтадиган давра суҳбатида замонавий тадбиркор ўзбек аёли образи қандай бўлиши масаласи муҳокама этилади.

19 ноябрь, 2021 йил

1. «Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга муваффақиятли ёндошувлар: Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти тажрибаси» мавзусида бўлиб ўтадиган халқаро конференция.

Конференция ишида мамлакатимиз тадбиркор аёллари, давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари билан бир қаторда  хорижий ташкилотларнинг Ўзбекистон ваколатхоналари раҳбарлари, хорижий бизнес экспертлар, молия, суғурта муассасалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этадилар. Офлайн ва онлайн режимда ўтадиган халқаро конференция ишида ишбилармон доиралар ва бизнес ҳамжамиятининг хотин-қизлар ҳуқуқий ва иқтисодий мустақиллигига таъсири, аёллар тадбиркорлигининг саноат барқарор ривожланишидаги ўрни, корхоналарни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш модели,  аёлларнинг иқтисодий имкониятларини қўллаб-қувватлашда ёндошувларнинг хилма-хиллиги, Ўзбекистон сайёҳлик бизнесида тадбиркорлик каби масалалар муҳокама этилади. Унда мамлакатимиз соҳа мутасаддилари билан бир қаторда Европа ва АҚШлик бизнес мутахассисларининг чиқишлари режа қилинган.

2.Ўзбекистон ишбиларсмон аёлларининг «Анор» Миллий кўрик- танлови ғолибларини тақдирлаш ва юбилей маросими тантаналари.

Бир неча йилдан буён Ўзбекистон Банклар Ассоциацияси билан биргаликда ўтказилиб келинаётган анъанавий «АНОР» Миллий кўрик-танлови юртимиз  давлат, бизнес ва ижтимоий доиралари юксак эътирофига сазовор бўлиб, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлди, аёллар тадбиркорлиги ривожининг ўзига хос ўлчов мезонига айланди. Тадбиркор аёлларимиз ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида эришаётган ютуқлари билан мусобақалашиб, танлов ишбилармон аёллар илғор тажрибаларининг оммалашувига хизмат қилмоқда. Ғолибларга қимматбаҳо совға ва ғолиблик статуэткалари топширилади.

Маросимда «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси фаолиятини ёритиш бўйича эълон қилинган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади. Ғолиблар қимматбаҳо  совғалар билан тақдирланадилар.

Тантаналарда Ассоциация 30 йиллик фаолиятида жонбозлик кўрсатган, мамлакатимиз аёллар тадбиркорлик ҳаракатига асос солган ветеран тадбиркор аёлларимиз, ҳаракат ташкилотчилари иштироки кўзда тутилган. Уларга алоҳида ҳурмат эътибор кўрсатилиб Ассоциация эсдалик совғалари ва мукофотлари топширилади.

Шунингдек, мамлакатимиз барча вилоятларида тадбиркор аёллар иштирокида учрашувлар, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари билан давра суҳбатлар, маҳорат дарслари, савдо кўргазма ярмаркалари ўтказиш режа қилинган.

Ҳафталик доирасида ўтказиладиган тадбирларда Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш, улар учун оптимал бизнес муҳити яратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Ҳафталик тавсиялари тегишли давлат, вазирликлар, бошқармалар, маҳаллий ҳокимият органлари, тадбиркорлик уюшмаларига тақдим этилади, ташкилотчилар сайтлари ва оммавий ахборот воситаларига жойланади.

 

 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг