Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —2024 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон суғурта компаниялари томонидан 7,01 трлн сўмлик суғурта мукофотлари йиғилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,6% га кўпдир, деб хабар беради Миллий истиқболли лойиҳалар агентлиги (МИЛА).
Мукофотларнинг асосий қисмини — 6,85 трлн сўм (+20,7%) — умумий суғурта соҳасида фаолият юритувчи компаниялар таъминлади. Ҳаётни суғурта қилиш соҳасидаги ташкилотлар эса 167,15 млрд сўмлик мукофотларни йиғди, бу ўтган йилга нисбатан 29,7% га камдир.
Ҳисобот даврида суғурта тўловлари ҳажми 18,8% га ошиб, 1,63 трлн сўмни ташкил этди. Умумий суғуртанинг улуши 75% ни (1,54 трлн сўм), ҳаётни суғуртанинг улуши эса 25% ни ёки 97,63 млрд сўмни ташкил этди.
МИЛА маълумотларига кўра, 2024 йил 1 октябр ҳолатига Ўзбекистонда 35 суғурта компанияси фаолият юритмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан еттитага кам. Уларнинг бештаси ҳаётни суғурта қилиш соҳасида ишлайди, бу соҳа бўйича компаниялар сони бир йил ичида учтага қисқарган.
Суғурта ташкилотларининг умумий инвестиция ҳажми қарийб 6,3 трлн сўмга етди, бу ўтган йилга нисбатан 8,0% га кўпдир. Инвестициялар таркибида депозитлар улуши 69,1%, қимматли қоғозлар — 20,7% ва кўчмас мулк — 7,1% ни ташкил этди.
Умумий суғурта бўйича мукофотлар ҳажми бўйича етакчилар: Apex Insurance — 2,3 трлн сўм (+64,8% йиллик ўсиш), «Ўзбекинвест» — 0,8 трлн сўм (-13,6%), Kafolat SK — 0,5 трлн сўм (-2,4%).
Ҳаётни суғурта қилиш бўйича етакчилар: Apex Life Insurance — 114,5 млрд сўм (+161,3%), Alfa Life Insurance — 21,0 млрд сўм (-32,1%), Kafolat Hayot Insurance — 14,2 млрд сўм (-21,8%).
Амалдаги шартномалар сони бўйича етакчи компаниялар: Gross sug‘urta kompaniyasi — 1 020 минг шартнома (+12,9%), «Ўзбекинвест» — 1 014 минг шартнома (+1,4%), My Insurance — 1 003 минг шартнома (+102,8%). Ушбу кўрсаткичлар мамлакатда суғурта бозорининг барқарор ривожланаётганини ва унинг иқтисодиётдаги аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.