Ўзбекистонда «SmartED» лойиҳаси доирасида ўқитувчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича янги босқич бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда SmartED кенг кўламли таълим лойиҳаси доирасида профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг янги босқичи бошланди.
10 июнь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, Фан ва Маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Ушбу ташаббус Ислом тараққиёт банки (IsDB), Ислом бирдамлик жамғармаси (ISFD) ва Таълим бўйича Глобал таълим ҳамкорлик ташкилоти (GPE) томонидан молиялаштирилаётган «SmartED» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида UNESCO билан ҳамкорликда ўқитувчиларни тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган қуйидаги ишлар амалга оширилади:
Замонавий педагогик ёндашувлар ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш орқали ўқитувчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
Ўқитувчиларнинг инновацион технологиялар ва рақамли воситалардан самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш;
Таълим тизимида инклюзив ёндашувни татбиқ этиш, шу жумладан алоҳида эҳтиёжларга эга болалар учун мослашган таълимни ташкил этиш;
Ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини баҳолаш ва рағбатлантириш тизимларини ишлаб чиқиш орқали малака ёндашувини такомиллаштириш.