Ўзбекистонда регенератив тиббиёт маркази ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Белоруссия Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар билан учрашди.
Учрашув доирасида томонлар Ўзбекистонда регенератив тиббиёт марказини ташкил этишга қаратилган инновацион лойиҳани муҳокама қилдилар. Ушбу ташаббус соғлиқни сақлаш соҳасида юқори технологик хизматларни ривожлантириш, жумладан, ҳужайра терапияси, тўқима муҳандислиги, биотехнология ва қайта тикланувчи тиббиёт хизматларини жорий этишни кўзда тутади.
Белоруссиялик инвесторлар лойиҳа доирасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, замонавий лаборатория ва клиник базаларни шакллантириш, шунингдек, халқаро стандартларга жавоб берадиган мутахассислик марказини яратиш ниятида эканликларини маълум қилдилар.
Агентлик директори мазкур ташаббуснинг мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига қўшадиган ҳиссаси юқори эканини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда хорижий инвестицияларни жалб этиш, тегишли ҳукумат органлари билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилганини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар режалаштирилаётган лойиҳанинг амалий жиҳатларини чуқур ўрганиш, техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш ва қўшма ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишувга эришдилар. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, у нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё миқёсида ҳам ўз йўналишида етакчи марказга айланиши кутилмоқда.