Валюта курслари 16/07/2025
$1 – 12778.12
UZS – 0.62%
€1 – 14931.23
UZS – 0.56%
₽1 – 164.01
UZS – 1.14%
Қидириш
Иқтисод 16/07/2025 Ўзбекистонда рақобатга оид қонунбузарликлар сабаб 43 млрд сўмлик тендерлар бекор қилинди

Ўзбекистонда рақобатга оид қонунбузарликлар сабаб 43 млрд сўмлик тендерлар бекор қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитаси томонидан 43,0 млрд сўмга яқин давлат харидларида рақобатга зид ҳаракатлар аниқланиб, буюртмачилар томонидан бекор қилиниши таъминланди

Жумладан,

Андижон вилояти

Андижон вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази (11,0 млн сўм) томонидан "Чойшаб ва кўрпа хариди" бўйича ўтказилган танловда иштирокчилар нохолис баҳолангани аниқланган. Ўрганиш давомида танлов савдоси буюртмачи томонидан ихтиёрий равишда бекор қилинди.

Жиззах вилояти

Вилоят футбол академияси (1 760,0 млн сўм) томонидан “Аутсорсинг хизмати бўйича” ўтказилган танловда рақобатни чекловчи талаблар белгиланганлиги аниқланган. Қонунбузилиш ҳолатлари буюртмачи томонидан савдони бекор қилиш орқали ихтиёрий равишда бартараф этилганлиги боис қўзғатилган ишни қўриб чиқиш тугатилди.

Қашқадарё вилояти

Қамаши туман ободонлаштириш бошқармаси (1 148,0 млн сўм) томонидан "Автогрейдер хариди" бўйича ўтказилган танловда баҳолаш мезонлари йўқлиги ва иштирокчилар нохолис баҳоланганлиги ҳолатлари кузатилган. Ўрганиш давомида ушбу танлов буюртмачи томонидан ихтиёрий равишда бекор қилинишига эришилди.

Самарқанд вилояти

8 та давлат буюртмачилари (Пахтачи туман ободонлаштириш бошқармаси, "SAMARQAND AVTOMOBIL ZAVODI" МЧЖ, Нарпай туман ихтисослаштирилган мактаб, Самарқанд ҲУЖФК, Пахтачи туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, "Ўзйўлкўприк" кластерининг Самарқанд филиали, "Озодлик" ДМ, Пахтачи туман 2-сон касб-ҳунар мактаби ва Булунғур туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими) томонидан ўтказилган 12,4 млрд сўмлик танловларда рақобат қонунчилигига зид ҳолатлар аниқланди. Ўрганиш давомида ушбу танлов савдолари буюртмачилар томонидан ихтиёрий равишда бекор қилиниб, қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилишига эришилди.

Хоразм вилояти

Боғот туманидаги ихтисослаштирилган спорт мактаб-интернати (1 438,0 млн сўм), Урганч тумани ҳокимлиги (43,7 млн сўм) ва Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали (29,8 млн сўм) томонидан ўтказилган танловларда рақобат қонунчилигига зид ҳолатлар аниқланиб, ҳудудий бошқарманинг огоҳлантириш хатларига асосан ушбу танлов савдолари буюртмачилар томонидан ихтиёрий равишда бекор қилинишига эришилди.

Тошкент шаҳри

“Техник меъёрлаш институти”, “Uzbekistan Airways” АЖ, “Халқ банки” АТБ, "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ, “ФК Бунёдкор” МЧЖ, “Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги АТ маркази” каби ўндан ортиқ давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган умумий бошланғич нархи 25 731,4 млн. сўм бўлган танлов (тендер) савдоларида рақобатга зид ҳолатлар кузатилди.

Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан мазкур буюртмачиларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, уларни кўриб чиқиш даврида буюртмачилар томонидан савдоларни бекор қилинишига эришилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг