Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рақамли платформалар фаолияти устидан назоратни кучайтирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сонли қарори 2-иловаси билан тасдиқланган Рақамли платформа операторининг устун мавқеини ва устун музокара кучини эътироф этиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 8-бандида рақамли платформа операторининг устун мавқега эга деб эътироф этилишининг қуйидаги мезонлари белгиланган:
рақамли платформа операторининг сўнгги календарь йилда тушуми миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 минг бараварига тенг ёки ундан юқори бўлса;
рақамли платформанинг фаол якуний фойдаланувчиларининг умумий ўртача сони ҳар ойда камида 50 мингтани ёки фаол тадбиркор фойдаланувчиларнинг ўртача сони ҳар ойда камида 3 мингтани ташкил этса.
Шунингдек, мазкур Низомнинг 9-бандида, рақамли платформа оператори ушбу белгиланган кўрсаткичларга эришган санадан эътиборан икки ой муддатда монополияга қарши органни хабардор қилиши белгиланган.
Юқоридагиларга мувофиқ, рақамли платформа оператори устун мавқега эга деб эътироф этилишининг кўрсаткичларига эришилганда Рақобат қўмитасига хабар берилиши мажбурий эканлигини эслатиб ўтамиз.
Бунда, рақамли платформа операторлари Қўмитанинг “Fair Tech” интерактив хизматлар портали (https://cabinet.fairtech.uz) орқали онлайн режимда хабардор қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Payme” АЖни онлайн тўлов тизимлари бозорида устун мавқега эга бўлган рақамли платформа оператори сифатида тан олди.