Валюта курслари 07/07/2025
$1 – 12606.73
UZS – 0.39%
€1 – 14849.47
UZS – 0.27%
₽1 – 159.86
UZS – 0.26%
Қидириш
Иқтисод 07/07/2025 Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 5 млрд кВт⋅соатга етди

Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 5 млрд кВт⋅соатга етди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 5 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг 10 та вилоятида умумий қуввати 4 119 мегаватт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 4 та шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда.

Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги дастлабки қуёш электр станциялари тармоққа уланганидан сўнг 2022 йили 434 млн кВт⋅соат, 2023 йилда эса 576,9 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.

Ўтган йили республикамизнинг 7 та вилоятида жойлашган 9 та қуёш ва битта шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 млрд 860 млн кВт·соатни ташкил қилди.

Бундан 26 кун олдин, 2025 йил 10 июнь куни соат 12:00 да жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 4 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилгани қайд этилган эди.

Кеча, 6 июль ҳолатига кўра, қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 5 млрд кВт⋅соатга етди. Бу ўтган вақт мобайнида кунига ўртача 26,7 млн кВт·соат электр энергияси қуёш ва шамол электр станцияларидан олинди, деганидир.

Мазкур генерациянинг 3 млрд 125,4 млн кВт⋅соатлик қисми қуёш электр станциялари томонидан, 1 млрд 915,1 млн кВт⋅соатлик қисми эса шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилди.

Бунинг натижасида:

1 млрд 515 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

атмосферага 2 млн 220 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди.

Қолаверса, жорий йил бошидан бугун, 7 июль соат 08:00 га қадар Ўзбекистондаги барча гидроэлектр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 8 млрд 736,9 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу жорий йилдаги жами генерациянинг 20,3 фоизини ташкил қилади.

Бунинг натижасида:

2 млрд 647 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

атмосферага 3 млн 879 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди.

Мазкур ҳажмдаги электр энергияси 7 миллион 280 мингта хонадоннинг олти ойлик ёки 3 миллион 640 мингта хонадоннинг бир йиллик меъёрий базасини ташкил қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг