Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 17/02/2023 Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги учун табиий офатлар хавфи таҳлил қилинди
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги учун табиий офатлар хавфи таҳлил қилинди

Табиий офатлар иқтисодиётга ва, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, бу йўқотишлар табиий офатлар натижасида умумий иқтисодий йўқотишларнинг 63 фоизини ташкил қилади.

2022 йилда ФАО расмий сайтида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сектори учун табиий офатлар хавфини камайтириш тизимининг ҳар томонлама таҳлили нашр этилди. Таҳлил ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қурғоқчилик ва шўрланиш хавфининг олдини олиш бўйича мутахассиси Азиз Нурбеков томонидан ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва миллий ҳамкорлар – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази кўмагида тайёрланди. Молиявий ёрдам ФАО ва Глобал Экологик Жамғарманинг "Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш" (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси томонидан тақдим этилди. 

«Кичик фермерлар, чорвадорлар, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳаси табиий офатлар ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсирига кўпроқ учрайди, чунки уларнинг ҳаёти қишлоқ хўжалиги соҳасига боғлиқ. Бизнинг ушбу таҳлилимиз қишлоқ хўжалигида эрта огоҳлантириш ва табиий офат хавфини олдини олиш тизимларининг ҳозирги ҳолатини ёритиб берган. Умид қиламизки, бу мамлакатимизнинг табиий офатлар хавфи борасидаги салоҳиятини янада оширишга асос бўлиб хизмат қилади», - деди таҳлил муаллифи Азиз Нурбеков.

Ҳужжатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун табиий офатлар хавфини камайтириш институционал тизимининг кучли томонлари ҳамда уни янада такомиллаштириш бўйича мавжуд эҳтиёжлар ҳақида маълумот берилган. Муаллиф томонидан мамлакат қишлоқ хўжалиги ҳар томонлама баҳоланган ва қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатадиган тез-тез учрайдиган табиий офатлар аниқланган. Шундан сўнг мавжуд ҳуқуқий, сиёсий ва институционал асослар таҳлил қилинган ва эрта огоҳлантириш тизимларининг ишлаши, табиий офатлар хавфини баҳолаш, табиий офатлардан кейинги зарар ва уни баҳолаш, шунингдек, фермерлар учун қишлоқ хўжалиги суғуртасининг мавжудлиги каби масалалар кўриб чиқилган. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда табиий офатлар, хусусан, сув тошқинлари, кўчки ва қурғоқчилик, шунингдек иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига салбий таъсирини камайтириш бўйича мавжуд тизимни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилган.

Таҳлил ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ўтказилган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги табиий офатлар хавфини камайтириш тизимининг бир қатор асосий тадқиқотларининг бир қисмидир. Арманистон, Озарбайжон, Белорусия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Украинада ҳам шундай тадқиқотлар ўтказилган.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг