Жорий йилнинг тўққиз ойида пахта майдонларини 30,5 минг гектарга қисқартириш ва бўшаган ерларга ички ҳамда ташқи бозорда талаб юқори бўлган мева-сабзавотлар экиш ҳисобидан экин майдонлари тузилмаси оптималлаштирилди. Бундан ташқари, 8,2 минг гектар майдонда янги интенсив боғлар, 5,2 минг гектарда токзорлар ташкил этилди. 6 минг гектар майдондаги боғлар ва 3,5 минг гектардаги токзор қайта тикланди. 532 гектар майдонда 9,9 мингта замонавий иссиқхона барпо этилди.
Қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини янада ошириш мақсадида 2013-2017-йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат дастурини амалга ошириш доирасида шу йилнинг тўққиз ойида узунлиги 734,6 километрлик коллектор, 229 километр ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 846 та қудуқ, 50 та гидротехник иншоот ва 7 насос станцияси барпо этилди ва реконструкция қилинди.
2016-2020-йилларда мева-сабзавотларни сақлаш бўйича моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасининг ҳудудий компаниялари, фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналар томонидан 64,6 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 164 янги совутиш камераси ташкил этилди.
Шу йилнинг ўтган даврида мураккаб об-ҳаво шароитларига қарамасдан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мўл қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди ва йиғиб олинди. Жумладан, 2,3 млн. тонна картошка, 8,2 млн. тонна сабзавот, 1,5 млн. тонна полиз маҳсулотлари, 1,2 млн. тоннадан ортиқ узум, 2 миллион тонна мева ва резаворлар тайёрланди.
Жорий йил бошидан буён чорвачилик сектори салоҳиятини янада ошириш мақсадида тижорат банкларининг қиймати 380 млрд. сўмдан зиёд кредитлари ҳисобидан қорамол боқиш, паррандачилик, асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш ва балиқ етиштиришни кўпайтириш бўйича 5,2 мингта лойиҳа амалга оширилди.
Натижада шу йилнинг 1-октябрь ҳолатига кўра, қорамоллар умумий сони 11,6 млн. бошга (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103,4 фоиз) етди, тўққиз ой давомида 1,6 млн. тонна гўшт (106,6 фоиз), 6,9 млн. тонна сут (106,9 фоиз), 4,5 млрд. донадан ортиқ тухум (110,8 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар тайёрланди.