Сир эмаски, сўнгги йилларда қишки спорт турларида юртимиз вакиллари халқаро майдонда мақташга арзигулик натижаларга эриша олишмаяпти. Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида бўлиб ўтган XVII қишки Олимпия ўйинларида Лина Черязова томонидан қўлга киритилган олтин медали эвазига Ўзбекистон делегацияси қишки спорт турлари анчагина тараққий этган Белорус, Финляндия, Франция, Голландия, Хитой, Словения, Буюк Британия ва Австралия каби мамлакатларни ортда қолдириб умумжамоа ҳисобида 67 мамлакат орасида 14-ўринни эгаллаганди.
Кейинчалик делегациямиз бирорта қишки Олимпия ўйинларини ўтказиб юбормаган бўлсада, афсуски тўрт йилликнинг энг муҳим спорт фестивалида ўзбекистонлик спортчилар бошқа совринларга эга чиқишмади. Шу боисдан Миллий олимпия қўмитаси ва Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси мамлакатимизда қишки спорт турларини жонлантириш, ривожлантириш ва оммавийлигини ошириш ташаббуси билан чиқишди.
Йиғилишда қишқи спорт турлари тараққиётига туртки бериш, кадрлар тайёрлаш масаласини йўлга қўйиш, ишни энг қуйи бўғин – болалар спортидан бошлаш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун ташаббус гуруҳи ташкил этилди. Ушбу гуруҳ қишки спорт турлари бўйича тўртта мустақил федерация фаолиятини йўлга қўйиш, профессионал мутахассисларни ишга жалб қилиш, федерацияларнинг самарали фаолият юритиши учун ҳомийлар ва сармоядорларни таклиф этиш масалалари билан шуғулланади.
Йиғилиш давомида И. Джураев, О. Касимов, қишки спорт турлари ассоциацияси раиси Х. Тўлаганов, етакчи мутахассислар сўзга чиқишди ва соҳани ривожлантиришнинг энг самарали ва қулай йўли борасида ўз таклифларини билдиришди. Демак яқин орада Ўзбекистон хоккей федерацияси, Ўзбекистон фигурали учиш ва шорт-трек федерацияси, Ўзбекистон кёрлинг федерацияси ва Ўзбекистон чанғи спорти федерациялари ўз фаолиятини бошлайди. Ушбу федерациялар таркибига шунингдек, сноуборд, тоғ чанғи спорти, фристайл, трамплиндан сакраш каби спорт турлари ҳам киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 5 декабрь куни эълон қилинган “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига кўра Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, замонавий инфратузилмани жадал ривожлантиришни таъминлаш, кўрсатилаётган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматларини кенгайтириш ва сифатини ошириш каби вазифалар белгилаб берилган. Шу муносабат билан Чимён тоғ ён бағрида яқин келажакда тоғ-чанғи куротини бунёд этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Шунингдек, пойтахтимиз марказида шахсан юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари билан бунёд этилаётган “Ҳумо” кўп тармоқли муз саройининг қуриб битказилиши ҳам мамлакатимизда қишки спорт турларининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу муҳташам спорт иншооти фойдаланишга топширилгач бу ерда бир неча қишки спорт турлари бўйича нуфузли мусобақалар, ўқув машғулот йиғинларини ўтказиш имконияти пайдо бўлади.
Ташкил этилаётган федерациялар олдига қўйилаётган асосий вазифалар энг аввало қишки спорт турлари бўйича болалар ва ўсмирлар мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш ва шу орқали ёш авлодни тарбиялаш, рақобатни кучайтириш ва терма жамоамизга муносиб номзодлар саралаб олиш учун клублар ташкил этиш, ҳудудларда федерациялар филиалларини очиш ва жойларда муз саройлари, қишки спорт турлари бўйича ўқув-машғулотлар базасини буёд этишдан иборатдир.
Табиийки юртимизда янги федерацияларнинг иш бошлаши қишки спорт турларини янада ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш ва халқаро майдондаги ютуқларимиз салмоғини юксалтиришга хизмат қилади.