Ўзбекистонда металлургия ассоциацияси тузилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир Лазиз Кудратов раҳбарлигида “Ўзбекистон Металлургия уюшмаси” ташкил этилишига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда металлургия саноатининг 20 га яқин етакчи корхоналари вакиллари, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этди.
Учрашув давомида Уюшманинг асосий мақсад ва вазифалари тақдим этилди. Жумладан, 2025–2030 йилларда қора металлни қайта ишлаш қувватларини ривожлантириш, корхоналар ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, хомашё билан таъминлаш тизимини яхшилаш, инвестициялар жалб этиш ва тармоқнинг ташқи савдодаги улушини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Тадбир якунида Уюшма фаолияти саноат вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошликни оширишга ҳамда мамлакатимиз саноатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилиши таъкидланди.