Ўзбекистонда куйдирги тарқалишининг олдини олиш учун назорат кучайтирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сўнги вақтларда қўшни республикалар, ҳусусан Тожикистон ва Қозоғистонда ҳайвонлар ўртасида куйдирги билан касалланиш ҳолатлари кўпайганлиги, Қозоғистонда эса ҳатто эпизоотик ҳолат авж олганлиги, эпидемия келиб чиқмаслиги учун карантин жорий этилганлиги ҳақида “Ациа Тодай” ахборот воситалари орқали хабарлар берилган.
Хўш куйдирги қандай касаллик, уни олдини олиш учун қандай чора-тадбирларни амалга ошириш керак ушбу саволларга жавоб олиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси эпидемиология ва ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Фарход Қурбонбеков билан суҳбатлашдик.
Куйдирги (Сибир яраси) – Басиллус антҳрасис бактерияси сабабли юзага келадиган хавфли инфекцион касаллик бўлиб, асосан ҳайвонлардан юқади.
Куйдирги ўта ҳавфли юқумли касалликлар гуруҳига киради. организмнинг умумий заҳарланиш ҳолати, безгак тутиши ҳамда тери, ўпка ва ичаклар зарарланиши билан таърифланадиган инфекцион касалликдир. Куйдирги касаллиги билан барча турдаги қишлоқ хўжалик, ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда одамлар касалланади.
Одамларга касаллик асосан куйдирги касаллиги билан касалланган ҳайвонни парвариш қилган пайтда, ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган хайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқиши мумкин, Куйдирги касаллигидан ўлган ҳайвон териси ва жунидан тайёрланган ҳар хил мўйна буюмлар орқали ҳам касаллик юқиши мумкин. Ҳатто 100 даражада қайнатилган гўшт ҳам хавфли бўлиши мумкин фақат тўлиқ қиздирилган, ичида пушти жой қолмаган гўшт хавфсиз ҳисобланади.
Куйдирги касаллиги аксарият ҳолларда тери шаклида (98,0 – 99,0 фоиз) учрайди ва касалликнинг бу турида бемор тўлиқ тиббий даво муолажаларидан сўнг, ҳеч қандай асоратсиз соғайиб кетади.
Касалликнинг септик, ичак, ўпка шакллари ҳам мавжуд бўлиб, жуда оғир кечади ва одатда ўлим билан тугайди.
Касалликнинг “тери яраси” шаклидаги яра бошқа яралардан тубдан фарқ қилади:
- яранинг оғриқсиз бўлиши (агар иккиламчи инфекция қўшилмаган бўлса);
- яра устини кўмирга ўхшаш қора пўстлоқ қоплаши;
- яра атрофи қизариб, шиш пайдо бўлиши;
- баъзида ярага яқин жойлашган лимфа тугунлари яллиғланиб, катталашиши кузатилади (лимфаденит).
Шунингдек, яра атрофида пуфаксимон тошмалар пайдо бўлиши ҳам мумкин.
Куйдирги яраси асосан баданнинг очиқ қисмларида (қўл, оёқ, юз, бўйин) кўпроқ учрайди.
Бундай ҳолатларда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш зарур. Айрим ҳолатларда беморлар яранинг устидаги қора пўстлоқни ўткир тиғли жисмлар ёрдамида олиб ташлашга уринишади ва натижада касалликнинг тери шакли септик шаклига ўтиб, касаллик ўлим билан якун топиши мумкин.
Шу сабабли, баданда яра пайдо бўлса ва бу яранинг пайдо бўлиши касалланган молларни суйиш, терисини шилиш, гўштини майдалаш ва ошқозон – ичакларини ҳамда калла – почасини тозалаш билан бевосита боғлиқ деб ҳисобланса, унда зудлик билан ҳудудий даволаш – профилактика муассасаларига мурожаат қилиш керак.
Куйдирги касаллигини келиб чиқишини олдини олиш учун қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилиш керак:
- хонадонларда боқилаётган чорва молларини ҳудудий ветеринария ходимлари томонидан куйдирги касаллигига қарши ҳар йили бир маротаба албатта эмлатиш зарур;
- чорва молларини уй шароитида сўйиш тақиқланган. Уларни фақат қушхоналарда ва сўйиш майдончаларида, ветеринария ходими назорати остида сўйиш керак;
- касалланган чорва молларини нобуд бўлмаслиги учун уларни уй шароитида мажбурий сўйиш зарурияти юзага келганда, бу тадбир албатта ветеринария врачи иштирокида амалга оширилиши зарур;
- касаллик аломатлари кузатилганлиги сабабли сўйилган чорва молларининг гўшти, териси ва калла-почаларини қўни-қўшниларга тарқатиш ёки бозорларда сотишга фақат ветеринария ходимининг хулосаси асосида рухсат берилади;
- ветеринария ходимлари чорва молларида куйдирги касаллигига гумон қилса ёки аниқласа, бундай ҳайвонларни сўйиш мумкин эмас, ўлган мол, қўй танаси куйдириш йўли билан йўқотилиши шарт;
- маҳаллаларда мажбурий сўйилган ва кўча-куйларда сотилаётган чорва моллари гўшти хатарли бўлиши мумкин, шу сабабдан гўштни фақат дўконлардан ва бозорлардан харид қилиш тавсия этилади, чунки улар текширилган ва хавфсизлиги кафолатланган бўлади.
"Касалланган чорва молини сўйган ва сўйишда иштирок этган одамда бир ҳафта мобайнида қўлида ёки танасининг бошқа жойларида яра пайдо бўлса, дарҳол ҳудудий шифохонага мурожаат қилиши зарур. Уйда ўзи билганича даволаниш оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шифохоналарда бундай хасталикларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш учун барча шароит яратилган." — таъкидлади қўмита.