Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Ўзбекистонда кластерларнинг ривожланишини таҳлил қилди.
Кластер усули иқтисодиётнинг асосий ва бир-бирига боғлиқ тармоқларини муваффақиятли ривожлантириш, технологик жараёнларни оптималлаштириш, хом ашё, энергетик, ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини беради.
2018-2022 йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш драйверлари бўлган 506 та кластер ташкил этилди. Бу эса сўнгги беш йил ичида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 32 баробарга ошириш ва 28,7 трлн. сўмга етказиш имконини берди.
Бундай натижага эришишда 2018-2022 йилларда кластерларни ривожлантириш учун йўналтирилган инвестициялар ҳажмининг 5,2 баравар, соҳада банд бўлганлар сонининг 2,5 баравар ортиши ёрдам берди. 2019-йилда мамлакатнинг саноат маҳсулотлари экспортида кластерларнинг улуши 5 фоизни ташкил этган бўлса, 2022-йилда 11,4 фоизга етди.
Иқтисодиётни янада ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва суръатини ошириш, тармоқлараро кооперацияни кенгайтириш, қайта ишлаш саноатида самарадорликни ошириш мақсадида тармоқлар ва ҳудудларда бир қатор янги ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш кўзда тутилган. Хусусан:
-йирик саноат корхоналари негизида 6 та кимё-технология кластери;
- енгил автомобиллар, юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳам ўз ичига олган машинасозлик кластерлари;
-Тошкент вилоятида 41 та саноат кластери;
-электромобиллар учун бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни локализация қилиш бўйича электромобил кластери;
- Шўртан мажмуаси доирасида газ-кимё кластери, шунингдек, мамлакатнинг барча ҳудудларидаги бошқа кластерлар.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тегишли субсидиялар ва имтиёзлар тақдим этилди. 2023-2024 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаси харидларини молиялаштириш учун 2,6 трлн. сўм миқдорида маблағ йўналтириш кўзда тутилган.