Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 16/01/2018 Ўзбекистонда илк бора болаларни сўроқ қилиш учун ИИВда махсус хона ташкил этилди
Ўзбекистонда илк бора болаларни сўроқ қилиш учун ИИВда махсус хона ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида жиноят гувоҳлари ёки жабрланувчилар бўлган болаларни тергов жараёнларида ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида илк бор улар учун махсус сўров хонасини очиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур хонада болаларнинг ёши ва руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда уларни қўрқитмайдиган хавфсиз муҳит яратилган. Махсус хона илгъор халқаро тажрибаларга асосланган ҳолда ЮНИСЕФ кўмагида ташкил этилди.

"Биз суд жараёнида иштирок этаётган болалар ўзларини йўқотиб қўйишлари ёки руҳан қийналишларига йўл қўя олмаймиз,"- деди Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Акромхон Бобохонов. “Шу боис, тергов жараёнида иштирок этаётган болаларни ҳимоя қилиш чора-тадбирларини таъминлаш учун, шунингдек жиноят гувоҳлари ва жабрланувчилар бўлган болаларни сўроқ қилишда иштирок этган терговчилар болаларга дўстона муносабат тамойилларини кундалик амалиётда қўллашлари учун ҳаракат қиламиз."

Тергов жараёни даврида болаларни ҳимоя қилиш муҳитини яратиш, хусусан, руҳий босимни камайтириш мақсадида, болаларни сўроқ қилиш хонаси замонавий видео ва аудио воситалари билан жиҳозланган. Бу сўроқларни қайта-қайта ўтказмасликка, тергов жараёнида аудио-видео ёзувлардан далил сифатида фойдаланишга имкон беради. Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жиноят гувоҳлари ва жабрланувчилар бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди.

"Жиноят натижасидаги руҳий жароҳатлар болаларга жиддий таъсир кўрсатиб, уларнинг ўсиши ва ривожланишида салбий оқибатларга олиб келиши мумкин,"- деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. “Судгача ва суд жараёни босқичларида жиноят гувоҳи ёки жабрланувчи бўлган болаларни ҳимоя қилиш чораларини кўрилиш жуда муҳимдир. Бу уларнинг нормал ҳаётга имкон қадар тезроқ қайтишларига ёрдам беради."

"Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр,"- дея қўшимча қилди жаноб Грауманн.

Болаларни ҳимоя қилиш бўйича махсус чора-тадбирлар болаларга тааллуқли халқаро адлия стандартларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида ЮНИСЕФ Ф Инчи ишлар вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Вазирликдаги болалар учун махсус сўроқ хонасининг очилиши Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги замонавий тергов усуллари бўйича 2898-сонли қарорида белгиланган талабларга ҳам мос келади.

Ички ишлар вазирлиги ва ЮНИСЕФ қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, жумладан жабрланган ва жиноят гувоҳлари бўлган болаларга нисбатан ҳуқуқий кафолатларнинг махсус чораларини кучайтириш мақсадида ҳамкорликни давом эттиради. Келажакдаги режалар Ички ишлар вазирлиги терговчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, методик қўлланмалар ва материалларни ишлаб чиқиш ҳамда вазирликнинг вилоят бўлинмаларида болалар учун сўров ўтказиш хоналарини ташкил қилинишини кўзда тутади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг