Валюта курслари 20/03/2025
$1 – 12926.51
UZS – -0.07%
€1 – 14092.48
UZS – -0.51%
₽1 – 156.00
UZS – -1.76%
Қидириш
Ўзбекистон 19/03/2025 Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратларини ноқонуний ташкил этган 19 сайёҳлик агентлиги жаримага тортилди

Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратларини ноқонуний ташкил этган 19 сайёҳлик агентлиги жаримага тортилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 364-сон қарорига асосан «Ҳаж» тадбири Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, «Умра» тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 668-сон қарори асосида амалга оширилади.

Шу ўринда эслатиб ўтамизки, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Ҳаж-умра маркази ҳамда 12 та тадбиркорлик субъектлари ваколатли ҳисобланади.

Улар: “Ihlos travel 1”, “Yuksak travel Air”, “Muhtasham travel” MChJ, “Musaffo turizm xizmati”, “Risola travel lux”, “Xorazm umra jamiyati”, “Hikmat Umra Travel”, “Real Dreams”, “Travel with family”, “Sofa Marva tour”, “B2 Management” ҳамда “Safar time exclusive”.

Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда мутасадди идоралар ҳамкорлигида «Ҳаж» ва «Умра» зиёратларини тартибга солиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.

Сўнгги икки ойда «Ҳаж» ва «Умра» зиёратини қонунга хилоф равишда ташкил этишнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган текширувларга кўра:

– «Умра» лицензиясига эга бўлмасдан, ушбу хизматни кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди;

– “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун талаблари асосида «Умра» фаолиятини лицензиясиз амалга оширган 24 та турфирмада текширув ўтказилди ҳамда уларнинг 19 тасига 75 млн сўмдан жарималар қўлланилди (5 таси “Реклама тўғрисида”ги Қонунчиликка асосоан Рақобат қўмитасига ва Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонуний кўриб чиқиш учун юборилди).

Қонунчиликка кўра, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тақиқланган.

Шунингдек, фуқароларни Умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистони Подшоҳлигига умра визасиз юбориш тақиқланади.

Умра сафарига боришдан олдин ҳар қандай «турфирма»нинг Дин ишлари бўйича қўмита томонидан тақдим этилган “Умра лицензияси” борлигини олдиндан текшириш тавсия этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг