Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонда гелли(саноат) аккумуляторларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу анъанавий қўрғошин кислотали муқобилига нисбатан узоқ вақт хизмат қилиши мумкин.
Бу ҳақда “Ўзиккиламчиранглиметалл” корхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур лойиҳа қиймати 5 млн. доллар бўлиб, у “Ўзмиллийбанк” кредит линияси ва корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Айни пайтда қурилиш-монтаж ишлари доирасида 5,8 млрд. сўм ўзлаштирилди, асосий технологик асбоб-ускуналар олиб келинди.
Саноат аккумуляторларининг афзалликларидан бири у узоқ вақтга етади. Яъни нормал фойдаланилганда, 10 йилгача хизмат қилади. Қолаверса, тизимнинг тўлиқ герметиклигини таъминлаб беради. Натижада аккумулятор батарейкалари жисмоний таъсир, зарбалар ва титраш, тебранишларга нисбатан анча чидамлидир.
“Аввалига корхонани 2019 йил июн ойида ишга туширишни режалаштирган эдик. Бироқ лойиҳани нафақат ички, балки ташқи бозорни нишонга олган ҳолда янгилашга қарор қилдик. Бугунги кунда бунинг учун “Ташгипрогор” экспертлик ташкилотини жалб этганмиз. Унинг хулосалари асосида лойиҳа такомиллаштирилиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқ учун киритилади”, дея қайд этиб ўтди “Ўзиккиламчиранглиметалл” директорининг истиқболли ривожлантириш бўйича ўринбосари Александр Бабаянс.
Унинг сўзларига кўра, янги туркумдаги аккумуляторлар келажакда ихчам узлуксиз таъминот манбалари, тезкор доимий ток тизимлари ва ҳатто электромобил бозорларига чиқиш имкониятини беради.
Бундан ташқари, корхонада яна қатор махсус инвестициявий дастурлар тайёрланган. Уларнинг рўёбга чиқарилиши доирасида ҳозирда юртимизга чет элдан келтирилаётган янги турдаги маҳсулотлар маҳаллийлаштирилади.
Маълумот учун, “Ўзиккиламчиранглиметалл” темир-терсак, рангли металлар чиқитларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган Марказий Осиёдаги ягона корхонадир. 2018 йил сентябр ойида давлатнинг ушбу компаниядаги улуши SFI Management Group хориж корхонасининг ишончли бошқарувига берилган эди.
Манба: “Халқ сўзи” газетасининг интернет сайти.