Ўзбекистонда фуқаролар ва меҳмонларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш қоидалари янгиланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда УзА Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Унга кўра, шахсларнинг яшаши учун уй-жой майдонини берувчи турар жой мулкдори ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга шахс ушбу шахсларни яшаш жойи ёки турган жойи бўйича ўз вақтида рўйхатдан ўтказиши керак.
Жойлаштириш воситаларида турган шахсларни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида рўйхатдан ўтказиш масъул ходимлар томонидан «E-mehmon» тизими орқали амалга оширилади.
Ўзбекистоннинг хорижда доимий яшовчи фуқаролари Ўзбекистонга кирган кундан 10 иш кунидан кечиктирмай яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши шарт.
Ўзбекистон фуқароларини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш қуйидагиларда амалга оширилади:
ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида;
давлат хизматлари марказларида;
ЯИДХП (my.gov.uz) орқали.
Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя этиш талаб қилинади.