Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 02/11/2016 Ўзбекистонда дори-дармон воситаларига чекланган устамалар белгиланади
Ўзбекистонда дори-дармон воситаларига чекланган устамалар белгиланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонда 2017-йилнинг 1-январидан дори-дармон воситалари учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгиланмоқда.

2016-йилнинг 1-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қарорга кўра, Ўзбекистонда 2017-йилнинг 1-январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланмоқда.

Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этиладиган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади.

Мамлакатимиз раҳбарияти фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш муассасаларини сифатли, самараси юқори ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистонда ташкил этилган фармацевтика саноати муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда ва жадал ривожланмоқда. Хусусан, мамлакатимиздаги 132 фармацевтика корхонаси томонидан 2 минг турдан ортиқ дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларидан фойдаланиш бўйича халқаро нормалар ва ривожланган давлатлар қонунчилигига мослаштирилган қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.

Халқаро сифат стандартларининг жорий этилиши самарасида мамлакатимиз фармацевтика корхоналарининг экспорт салоҳияти ошди. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган айрим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари дунёнинг 20 дан ортиқ давлати, жумладан, МДҲ, Европа иттифоқи мамлакатлари ва АҚШга экспорт қилинмоқда.

2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир умумий қиймати 223,9 миллион АҚШ долларига тенг 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробар ошириш имконини беради.

Ўзбекистонда дорихона муассасалари тармоғи кенг ривожланган. Айни пайтда мамлакатимиз ҳудудида 8472 хусусий дорихона ва уларнинг филиаллари, шунингдек, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизимига кирувчи 1437 дорихона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 70 ва 114 таси олис қишлоқлар аҳолисини дори-дармонлар билан таъминлаш учун мўлжалланган ижтимоий ва сайёр дорихоналардир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг