2021 йил 28 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси учун БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияcининг кучга киришига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. У Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг мамлакатимиздаги жамоаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, марказий идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус, шунингдек фуқаролик жамияти институти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну модераторлик қилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Каримов, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси раҳбари Ришард Коменда, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси – Элчи, доктор Пьер фон Аркс ва бошқалар сўзга чиқди.
Маърузачилар таъкидлаганларидек, кейинги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг олий минбаридан туриб илгари сурган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслари кенг жамоатчилигимиз ҳамда жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Бундай ижобий муносабат, бир томондан, Ўзбекистоннинг давлатимиз раҳбари белгилаб берган миллий тараққиёт йўлидан оғишмай, дадил одимлаётганини тасдиқласа, иккинчи томондан, мамлакатимизнинг халқаро майдонда ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганига яна бир ёрқин далилдир.
Бугунги анжуман Ўзбекистон Президенти томонидан 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида илгари сурган яна бир ташаббус амалга оширилгани муносабати билан ташкил этилди. Бу ўринда гап 2021 йилда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани ҳақида бормоқда.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тенглиги, айниқса, аёллар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигини сақлаши, меҳнат қилиши, ўзи ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлишининг ҳуқуқий кафолатларини белгиловчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат. Мазкур Конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ХХI асрда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи шартномадир. 2021 йил февраль ҳолатига кўра, БМТнинг 192 аъзо-давлатидан 182 таси ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилган.
Конвенция 50 та моддадан иборат бўлиб, дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини таҳлил қилиш асосида қабул қилинган. Конвенция инсонларнинг турли-туманлиги ва қадр-қиммати принципларини ўзида мужассамлаштирган. Унинг асосий ғояси шундан иборатки, ногиронлиги бўлган шахслар барча инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан камситишларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.
Ўзбекистонда кам таъминланганлар, ногиронлар, ёшлар, аёллар ва қарияларни ижтимоий ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Мамлакатимизнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилишига оид масала давлат бошлиғининг қуйидаги дастурий ҳужжатларида:
биринчидан, “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида (2017 йил 1 декабрда қабул қилинган);
иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастурида (2018 йил 5 майдаги Фармон билан тасдиқланган);
учинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида (2020 йил 22 июндаги Фармон билан тасдиқланган);
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 22 февралда бўлиб ўтган 46-сессиясидаги нутқида назарда тутилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва БМТ халқаро шартномавий органлари – Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитасининг, Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний тавсия ва мулоҳазаларида Ўзбекистон томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиниши бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш ва бу борада тарғибот-ташвиқот фаолиятини амалга ошириш бир неча марта тавсия этилган
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси томонидан ноёб тажриба қўлланилди. Яъни, халқаро-ҳуқуқий ҳужжат дастлаб миллий қонунчиликка имплементация қилиниб, шундан кейин ратификация қилинди.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси ва тенглигини кафолатлайдиган бир қатор қонунлар қабул қилинди. 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун ногиронларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонун ҳужжати ҳисобланади.
Конвенцияни ратификация қилишда 3 та манба: миллий қонунчилик, хорижий юридик амалиёт ва ушбу Конвенциянинг ўзига таянилди. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Россия, Беларусь, Украина, Озарбайжон каби давлатлар тажрибаси чуқур ўрганилди.
Хусусан, АҚШ, Буюк, Британия, Германия, Швейцария каби етакчи хорижий давлатлар Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган ҳолда, тегишли миллий қонунларини ҳам қабул қилган. Бу қонунларнинг барчаси мазмунан ўхшаш бўлиб, Конвенция талаблари негизида ишлаб чиқилган.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиѐсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар инсонни, шу жумладан ногиронлиги борлиги туфайли камситмаслик принципи ётади. Бу борада нафақат давлат тузилмалари, балки фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаоллик кўрсатаётгани жуда муҳим.
Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлик соҳасида 600 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар жамоат фонди, Ўзбекистон Ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Ўзбекистондаги фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш «Умр» жамоатчилик маркази, «Инклюзив ҳаёт» ногиронлар жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти каби ННТлар бор. Ушбу нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари Конвенцияни ратификация қилишда фаол иштирок этди.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг ратификация қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий усуллар ва халқаро стандартларни жорий этишга, Конвенциянинг асосий қоидаларини амалга оширишга, шунингдек Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” тамойилини амалга оширишга ёрдам беради.
Конвенцияни ратификация қилиш натижасида – ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими халқаро норма ва стандартларга мувофиқлашиши, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича халқаро ташкилотларнинг мақсадли ресурсларини жалб қилиш имкони кенгайишини, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги мамлакатимизнинг ижобий халқаро имижи янада яхшиланишига хизмат қилади.