Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марказий банк ижтимоий тармоқларда битта жисмоний шахсга битта банк картаси берилиши бўйича меъёрлар ўрнатилаётганлиги тўғрисида ахборот ҳақиқатга тўғри келмаслигини ҳамда бу борада нотўғри маълумотлар тарқатилаётганлигини маълум қилади.
Банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадида банклар томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) карталар сонини (виртуал ва кобейджинг карталарини инобатга олган ҳолда) вақтинчалик битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бунда ушбу талаб чет эл валютасида очилган банк карталарига нисбатан татбиқ этилмаслиги кўзда тутилмоқда.
Бугунги кунда банк карталарига эга жисмоний шахсларнинг қарийб 97 фоизида (22 млн.та) 5 тагача, 3 фоиз (770 мингта) жисмоний шахсда 5-20 гача ҳамда 0,03 фоизда ёки 7 мингта жисмоний шахсда 20 тадан ошиқ карталар расмийлаштирилган.
Жисмоний шахслар номига кўп миқдорда очилган банк карталарини таҳлил қилиш жараёнида, ушбу банк карталарининг бир қисмидан (аксарият ҳолатларда карта эгасининг хабари йўқ) фирибгарлик мақсадларида фойдаланилаётганлиги аниқланган.
Муҳокама қилинаётган меъёрлар аҳолининг банк карталари орқали тўловларни амалга оширишда ноқулайликлар келтириб чиқармайди ва ушбу талаблар тижорат банкларининг банк карталарини эмиссия қилиш фаолиятини тартибга солишга қаратилган.
Ўз навбатида, Марказий банк бу борада вазиятни мунтазам кузатиб боришини маълум қилади.
Шунингдек, ушбу талаблар тўлиқ тайёр бўлгандан кейин журналистлар ва кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилинади.