Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 24 ноябридан 5 декабрь кунига қадар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳри Самарқандда Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES) томонлар конференциясининг 20-йиғилиши (COP20) ўтказилади.
Бу ҳақдаги битим Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва CITES Бош котиби Ивонн Игуэро томонидан Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция (CBD CoP16) иштирокчилари конференциясининг Колумбиянинг Кали шаҳрида бўлиб ўтган 16-йиғилиши доирасида имзоланди.
“Мазкур шартноманинг имзоланиши биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосига қарши курашда ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлайди. Биз халқаро ҳамжамиятни 2025 йилда COP20 доирасида Самарқандда кутиб олишдан мамнунмиз, у ерда сайёрамизнинг бой биологик меросини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирамиз”, — деди А.Абдуҳакимов.
Ўз навбатида И.Игуэро Ўзбекистоннинг CITES COP20 тадбирини тарихий Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифи учун миннатдорлик билдирди.
“Конференциянинг ушбу қадимий шаҳарда ўтказилиши ҳам тарихий ҳиссиётларни уйғотади, ҳам келажакка — ёввойи турларнинг халқаро савдоси тартибга солинган, ёввойи табиат қонунбузарликлари сезиларли даражада камайган ва CITES рўйхатига киритилган турлар ёввойи табиатда кўпайган келажакка ҳисса қўшади", — деди у.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Марказий Осиёда CИТЕSнинг 184 Томони (183 та давлат + Европа Иттифоқи) ҳамда ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ва савдо соҳасида кенг доирадаги манфаатдор томонларнинг йиғилишига мезбонлик қиладиган биринчи давлатдир. “Атроф- асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили”да ташкил этиладиган глобал тадбирда 4000 дан ортиқ иштирокчи ва делегатлар иштирок этиши кутилмоқда.
COP20 CITES томонларига ёввойи табиатнинг халқаро савдоси барқарорлиги, қонунийлиги ва кузатилиши, турларни сақлаш ва барқарор ресурсларни бошқариш бўйича муҳим муҳокамаларда қатнашиш имкониятини беради. Бундан ташқари, 2025 йилда CITES COP20 нинг 20 йиллик юбилей йиғилиши 1975 йилда Конвенция кучга кирганининг 50 йиллигига тўғри келади.
Маълумот учун, CITES конвенцияси 1973 йил 3 мартда имзоланган ва 1975 йил 1 июлда кучга кирган. Конвенция ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг 40 900 дан ортиқ турлари билан халқаро савдони тартибга солиш орқали ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бўйича дунёдаги энг кучли воситалардан бири бўлиб қолмоқда. CITES рўйхатига киритилган кўплаб турларнинг ватани бўлган Ўзбекистон 1997 йилдан буён Конвенция иштирокчиси ҳисобланади.