Ўзбекистон Яқин Шарқдаги можаро кучайганидан жиддий хавотирда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан жиддий хавотир билдиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон минтақага доир барча зиддиятларни фақатгина мулоқот ва ўзаро мақбул музокаралар орқали ҳал этиш тарафдори эканини изчил равишда таъкидлаб келмоқда.
«Шаклланган шароитда Ўзбекистон фуқароларини Исроил ва Эронга саёҳат қилишдан тийилишга чақирамиз, шунингдек, мазкур давлатлар ҳудудида бўлиб турган юртдошларимизга имконият борича хавф даражаси юқори бўлган ҳудудларни тарк этиб, хавфсизроқ жойларга кўчишни тавсия қиламиз», — деди Бурхонов.
У, шунингдек, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини қайд этди.
«Фуқароларимизнинг огоҳ бўлишини ва расмий маълумотлар ҳамда эълонларни мунтазам равишда кузатиб боришини сўраймиз», — деди ТИВ вакили.