Валюта курслари 21/02/2025
$1 – 12929.92
UZS – -0.16%
€1 – 13496.25
UZS – -0.07%
₽1 – 146.25
UZS – 2.61%
Қидириш
Технологиялар 15/02/2025 Ўзбекистон-Япония форуми: IТ соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг янги уфқлари

Ўзбекистон-Япония форуми: IТ соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг янги уфқлари

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг Конгресс-залида IТ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония форуми ўтказилди.

Тадбир тез ривожланаётган рақамли муҳитда ҳамкорлик истиқболлари, билим алмашиш ва инвестицияларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистон ва Япониянинг IТ-саноати етакчи раҳбарлари, инвесторлари ва экспертларини бир жойга тўплади. Тадбир иштирокчилари орасида  IB-SYSTEM, Marubeni Corporation, Symphodia Phil Co. Ltd, Mynavi Corporation ” ва бошқа компаниялар вакиллари бор эди.

Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Сакураи Акиҳиро табрик сўзи билан чиқиш қилиб, Ўзбекистон ва Япония IТ соҳасида ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳиятга эга эканлигини ва бугунги тадбир уни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам эканлигини таъкидлади.

“JETRO Tashkent” бош директори жаноб Юта Ичиносенинг айтишича, Ўзбекистон-Япония форуми икки мамлакат ўртасида IТ соҳасидаги самарали ҳамкорлик учун ажойиб майдон бўлади:

“Биз мамлакатларимизнинг инновациялар ва технологияларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда катта истиқболларни кўрмоқдамиз.”

IТ Парк бош директори Абдулаҳад Кучкаровқуйидагиларни таъкидлади:

“Қўшма лойиҳалар ва тажриба алмашиш Ўзбекистон ва Японияга глобал IТ-бозордаги ўз мавқейини мустаҳкамлаш имконини беради. Япония бизнинг асосий ҳамкоримиз ва биз япон компанияларининг муваффақиятли фаолият юритиши учун барча шароитларни таъминлашга тайёрмиз.

Ҳамкорлик динамикаси ушбу салоҳиятни тасдиқлайди: 2023 йилда IТ Паркда атиги битта япониялик резидент бўлган бўлса, 2024 йил охирига келиб уларнинг сони 10 тага етди, улардан учтаси IТ-хизматларни экспорт қилмоқда. Бундан ташқари, 2024 йилда IТ Паркнинг бешта резидент компанияси Японияга ўз хизматларини экспорт қилишни бошлади. Бу ўсиш қўшма ташаббусларга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратади.”

Форумнинг асосий мавзулари:

Ўзбекистонда рақамли трансформация:Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган IТ-экотизимида япон компаниялари учун имкониятлар муҳокамаси.

Технологик инновациялар ва ҳамкорлик:Япониянинг технологик ютуқлари ва Ўзбекистоннинг ривожланаётган бозорининг кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш.

Инвестицияларни жалб қилиш стратегиялари:Япония инвесторларини жалб қилиш ва Ўзбекистон технологик стартаплари учун трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш.

Форум доирасида Япония ва Ўзбекистон IТ-компанияларининг тақдимотлари, шунингдек, икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга ёрдам берадиган B2B-учрашувлар ва нетворкинг сессиялари ўтказилди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон ва Япониянинг ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳалар ва инвестициялар учун янги имкониятлар очиш истагини намоён этди.

IТ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония форуми икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, рақамли технологиялар ва инновацияларни биргаликда ривожлантириш учун янги имкониятлар яратди. Тадбир якунида Япониянинг 3 та компанияси янги мамлакатларда бизнесни ривожлантириш учун Ўзбекистонда ўз офисларини очишга қизиқиш билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг