Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 30/07/2024 Ўзбекистон – Хитой: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг бугуни ва истиқболлари
Ўзбекистон – Хитой: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг бугуни ва истиқболлари

29 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал трендлар ва минтақавий хусусиятлар: Ўзбекистон-Хитой назарияси” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очди ва олиб борди.

А.Саидов қайд этганидек, Ўзбекистон ва Хитой давлатлари раҳбарлари биргаликда олиб бораётган истиқболли стратегик ҳамкорлик сиёсати туфайли кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда, шу жумладан инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги ва янада юқори босқичларга кўтарилди. 

Тадбирда Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти доимий қўмитаси раиси ўринбосари Цзян Цзяньго ва Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь кириш сўзи билан иштирок этди. 

Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти директори профессор Мао Жунхианг “Глобаллашув шароитида инсон ҳуқуқлари – халқаро муносабатлар омили сифатида: Хитой тажрибаси” мавзуида маъруза қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Асқар Ғофуровнинг «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти» ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг устувор мақсадлари” мавзуидаги маърузалари тингланди.

Сўзга чиққанлар томонидан мазкур давра суҳбатидан кўзланган мақсад – Ўзбекистон ва Хитой ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама тажриба алмашиш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб глобал тенденциялари ва минтақавий жиҳатларини муҳокама қилиш, ҳар икки мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилашга қаратилган қўшма стратегия ва ташаббусларни ишлаб чиқишдан иборат эканлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларида ўзаро муносабатлар фаоллашиб, кўп томонлама мулоқотлар мустаҳкамланиб бораётганига эътибор қаратилди. Мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда хитойлик меҳмонларга мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар, шунингдек, «Ўзбекистон-2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари тўғрисида атрофлича ахборот тақдим этилди. Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Қизғин мунозараларга бой, самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Ушбу мулоқотлар инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини чуқурлаштиришда муҳим амалий аҳамият касб этишига ишонч билдирилди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги Академиялари, Тошкент Давлат юридик университети, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этди. Тадбирда давлат органлари, илмий-таълим муассасалари ва нодавлат ташкилотлардан
жами 40 дан ортиқ эксперт қатнашди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг