Валюта курслари 14/01/2025
$1 – 12972.08
UZS – 0.12%
€1 – 13223.74
UZS – -0.91%
₽1 – 126.61
UZS – -0.91%
Қидириш
Иқтисод 13/01/2025 Ўзбекистон-Хитой: Ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида кейинги режалар белгилаб олинди

Ўзбекистон-Хитой: Ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида кейинги режалар белгилаб олинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Хитойнинг "SUAR" пахта саноатини ривожлантириш Администрацияси делегацияси вакиллари билан учрашди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида Алишер Шукуров бугунги кунда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари тобора ривож топаётганлиги, хусусан пахтачилик, уруғчилик ҳамда янги инновацион технологияларни жорий этиш борасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари равнақ топаётганлигини айтиб ўтди.

Айниқса, пахтачилик соҳасида 2024 йилда Хитой уруғларининг кириб келгани, "Шинжон" технологиясининг мамлакатимиз пахта майдонларида жорий этилгани айни соҳада туб бурилиш бўлгани қайд этиб ўтилди.

Ўз навбатида, Хитой делегацияси вакиллари ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида ўз таклифларини илгари сурди. Даставвал, Шинжон-Уйғур автоном регионининг пахтачиликда эришаётган ютуқлари ҳақида маълумот берган делегация вакиллари, мамлакатимиз билан пахтачилик соҳасидаги алоқаларни тизимли равишда, янада ривожлантириш истаги борлигини маълум қилди.

Мулоқот давомида Алишер Шукуров нафақат пахтачилик соҳасида, балки чорвачилик, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда бир қанча қишлоқ хўжалиги тармоқларида Хитой билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга тайёр эканлигини айтиб ўтди.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида амалга ошириладиган кейинги режалар аниқ белгилаб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг