Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 ноябрь куни Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида «2024 Quiz on Korea» викторинаси ғолиби Моҳира Эргашовани тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Вон До Ён Моҳирага Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири номидан сертификат топширди ва уни ғалабаси билан табриклаб, ўзбек халқининг Кореяга бўлган юксак қизиқиши ва меҳрини таъкидлади.
Корея Республикаси элчиси икки давлат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик асосида Ўзбекистон вакилларининг кейинги ғалабаларига умид билдирди.
9-октабр куни Кореянинг КБС1 ТВ телеканалида “Корейс миллий алифбоси хангул яратилган кун”га бағишланган викторина финали намойиш этилди. Моҳира Эргашова турли мамлакатлардан келган 19 нафар финалчини ортда қолдирди. Финалда иштирок этиш учун у апрель ойида Ўзбекистонда саралаш босқичидан ўтиб, юзлаб абитуриентлар билан беллашди.
Корея бўйича викторина Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва КБС телеканали томонидан 2012 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон 2012, 2019 ва 2022-йилларда ғолиб бўлган бўлса, жорий ғалаба мамлакат учун тўртинчиси бўлди. Бу муваффақият Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстлик муносабатларини яна бир бор тасдиқлайди.