Ўзбекистон ва Ёқутистон туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ёқутистонда Саха Республикаси раҳбари Айсен Николаев билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Ёқутистон ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон туризм соҳасида улкан тарихий-маданий салоҳиятга эга экани таъкидланди. “Россияда Ўзбекистон туризми йили” доирасида Россиянинг чекка ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш ва ўзаро сайёҳлик оқимини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Томонлар талабалар ва мактаб ўқувчилари учун таълим туризмини ташкил этишда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ҳам муҳокама қилдилар. Хусусан, қўшма таълим дастурлари ва алмашинувларни йўлга қўйиш таклиф этилди. Бу икки республика талабалари ва мактаб ўқувчиларига бир-бирининг маданияти ва тарихи ҳақида кўпроқ билим олиш имконини беради, шунингдек, ёшлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони қарийб 10,2 миллион кишини ташкил этди, шундан 850 минг нафари Россия Федерацияси фуқароларидир. Жорий йилда Ўзбекистонга Россиядан 1 миллиондан ортиқ меҳмон келиши кутилмоқда.