Ўзбекистон ва Япония халқаро ёшлар палаталари бизнес-форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 июнь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон ва Япония халқаро ёшлар палаталари иштирокида бизнес-форуми ўтказилди.
Ушбу форум Президентининг 2024 йил 30 августдаги ПФ–132-сонли фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади — ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларни халқаро бозорга чиқишга рағбатлантириш ҳамда чет эл ёшлари билан ўзаро дўстона ва манфаатли алоқаларни йўлга қўйишдан иборат бўлди.
Форумда дунёдаги 100 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритаётган ва 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган 200 мингдан зиёд ёш етакчи ва тадбиркорни бирлаштирган Халқаро ёшлар палатаси (JCI) вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистонда мазкур ташкилот ваколатхонаси 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, у мамлакатимиз ёш тадбиркорлари ўртасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг таклифига биноан Япониядан IT, қурилиш, автомобилсозлик, архитектура ва дизайн, таълим, озиқ-овқат саноати, чакана савдо, бурғулаш ва қазиш ишлари соҳаларида фаолият юритаётган 20 га яқин етакчи тадбиркор ташриф буюрди.
Форум доирасида улар Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан давра суҳбатлари ва B2B учрашувларда иштирок этиб, икки томонлама ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси JCI Uzbekistan билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва келгусидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда OISCA билан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадбиркорларни ҳамда яшил иқтисодиёт тамойилларига асосан фаолият юритувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга оид ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
OISCA — 1961 йилда ташкил этилган, Японияда жойлашган халқаро нодавлат ташкилот бўлиб, асосан Осиё-Тинч океани минтақасида, 41 дан ортиқ давлатда фаолият юритади. Унинг асосий вазифаси – инсон ресурсларини ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ жамиятларини мустаҳкамлаш орқали барқарор ривожланишни таъминлашдир.
Тадбир якунида япониялик меҳмонлар учун миллий таомлар — ўзбек оши ва тандир сомса тайёрлаш жараёнлари намойиш этилди ҳамда уларни татиб кўриш имконияти яратилди. Бу меҳмонларда Ўзбекистон маданияти ва анъаналарига нисбатан катта қизиқиш уйғотди.