Ўзбекистон ва ХВЖ макроиқтисодий барқарорлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 24 апрель куни Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг йиллик баҳорий учрашувлари доирасида ХВЖнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори Жиҳод Азур ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — иқтисодiyot ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда ХВЖнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори ўринбосари Арванитис Афанасиос, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов ва бошқа масъул вакиллар ҳам иштирок этдилар.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш, инфляция даражасини назорат қилиш, давлат бюджети билан самарали бошқариш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, давлат молиясини бошқариш, нархлар статистикаси ва миллий ҳисоблар тизимини ривожлантириш, қимматли қоғозлар бозори ва давлат қарзини бошқариш соҳасида ҳамкорлик қилиш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришда илғор халқаро тажриба ва рақамли технологияларни қўллаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар келгусида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва юқорида кўрсатилган йўналишларда фикр алмашиш жараёнларини кенгайтириш бўйича келишиб олдилар.